Ўзбекистон Осиё ўйинларида илк олтин медални қўлга киритди
Сентябрь 22, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 152АИЧИ-НАГОЯ, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган XX Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари мусобақанинг дастлабки кунларидаёқ қатор муҳим натижаларни қайд этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон делегацияси учун мусобақанинг дастлабки олтин медалини каратэчи Абдул Ваҳҳоб Рашидов қўлга киритди. -67 килограмм вазн тоифасида иштирок этган спортчимиз саралаш босқичида гонконглик, чорак финалда фаластинлик, ярим финалда иорданиялик рақибларини мағлуб этди.
Финалда япониялик Юго Козаки устидан ғалаба қозонган Абдул Ваҳҳоб Рашидов Осиё ўйинлари чемпионига айланиб, Ўзбекистон делегациясига мусобақадаги илк олтин медални тақдим этди.
Ҳозирча медаллар жамланмаси бўйича Хитой пешқадам. Япония ва Жанубий Корея медаллар сони бўйича кейинги ўринларда бормоқда. Ўзбекистон 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медаль билан умумий жадвалда 9-поғонадан жой олди. 2022 йил Ханчжоуда ўтказилган Осиё ўйинларида делегациямиз 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медаль билан 5-ўринни эгаллаган эди.
Бугун Ўзбекистон вакиллари Осиё ўйинларининг 14 та спорт турида иштирок этади. Кун дастуридан киберспорт, ушу, велоспорт, ўқ отиш, чим устида хоккей, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, стол тенниси, каратэ, соҳил волейболи, футбол, ММА, гандбол ва сув полоси ўрин олган.
ММАда Фирдавс Атамуратов ва Ҳилола Собирова финал баҳсларида иштирок этади. Каратэда Севинч Раҳимова татамига чиқса, спорт гимнастикасида Дилдора Арипова, Оксана Чусовитина ва Александра Шевченко баҳсларда қатнашади. Шунингдек, ушу, велоспорт ва ўқ отишда ҳам Ўзбекистон вакиллари медаллар учун кураш олиб боради.
Спорт гимнастикаси бўйича саралаш баҳслари якунланиб, Ўзбекистоннинг уч нафар вакили финал босқичига йўл олди. Дастакли от дастурида Равшан Комилжонов ва Ўткирбек Жўраев, қўшпоя баҳсларида эса Расулжон Абдураҳимов медаллар учун курашади.
Ўзбекистон аёллар футбол терма жамоаси Осиё ўйинларида муҳим натижа қайд этиб, чорак финалга йўл олди. “G” гуруҳидаги сўнгги турда вакилларимиз Гонконг терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларининг дастлабки босқичидаёқ медаллар жадвалига кириб, бир қатор спорт турларида кейинги босқичларга йўл олди. Олдинда эса янги медаллар учун ҳал қилувчи баҳслар турибди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





