Россиянинг Ростов вилоятида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Сентябрь 12, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 64РОСТОВ-ДОН, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ростов-дон шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ростов вилояти ва шаҳри маъмурияти, консуллик корпуси, минтақанинг ишбилармон ва жамоатчилик доиралари вакиллари, ўзбек диаспора бирлашмалари раҳбарлари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган асосий ютуқлари ва сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар натижалари, жумладан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, унинг халқаро обрў-эътибори ортиб бораётгани ҳамда Россия билан ҳамкорликнинг кенгаяётгани ҳақида таъкидланди
Россия Президентининг Жанубий федерал округидаги муваққат вакили ўринбосари Владимир Гурба Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклаб, икки томонлама муносабатларнинг анъанавий дўстона хусусияти ва изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
У, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги умумий ғалабага ўзбек халқи қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, умумий тарихий хотирани сақлаб қолиш дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг муҳим асоси бўлиб қолмоқда.
Ростов вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Алексей Господарев губернатор Юрий Слюсарнинг табригини ўқиб эшиттирди. Унда Ўзбекистоннинг давлат қурилиши, иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш борасидаги натижалари алоҳида таъкидланган. Мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги роли ҳамда минтақа билан стратегик ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилган.
Ростов-дон шаҳри раҳбари Алексей Скрябин ҳам Ўзбекистонни миллий байрам билан табриклаб, ҳудудлараро ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини билдирди.
Тадбир якунида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тортиқ этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

