Хитойда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди

Сентябрь 12, 2026. 15:00 • 2 дақ

148
Хитойда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди
Хитойда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди
Хитойда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди
Хитойда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди

ШАНХАЙ, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Саттаров бошчилигидаги делегациянинг Чжэцзян провинциясининг Иу ва Ханчжоу шаҳарларига ташрифи доирасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Иу шаҳридаги Футянь туманида ватандошимиз Давронбек Буважонов томонидан яқинда очилган “Ташкент” миллий таомлар ресторанида меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу масканда 10 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан, мамлакатимиздан таклиф этилган 3 нафар ошпаз фаолият юритмоқда.

Учрашувда ватандошларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари муҳокама қилинди. Ресторан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзига хос маданий кўприкка айланиши мумкинлиги таъкидланиб, унинг фаолиятини кенгайтириш ва ўзбек маҳсулотлари павильонини очиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Jianghe yuan” ресторанида Иу ва атроф ҳудудларда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида байрам тадбири ташкил этилди. Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.

Делегация аъзолари Ханчжоу шаҳрида Чжэцзян фан ва технологиялар университети президенти Чэнь Вэньсин билан ҳам  учрашди. Ушбу олийгоҳда 40 мингга яқин талаба, жумладан, 35 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда. Мулоқотда Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ханчжоу олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Уларга хорижда таълим олаётган фуқароларга кўрсатилаётган давлат кўмаги ҳақида маълумот берилиб, Хитой қонунчилиги, виза ва миграция талаблари ҳамда таълим муассасалари қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси сифатида ўз вақтида вақтинча консуллик рўйхатидан ўтиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш