“Kul-al-Arab”: Ўзбекистон жадал ўзгаришлар ва ишончли тараққиёт йўлидан бормоқда
Сентябрь 12, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 128
ТЕЛЬ-АВИВ, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Kul-al-Arab” нашрида Араб халқаро алоқалар кенгаши директори Холид Халифанинг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Холид Халифанинг ёзишича, сўнгги олти йил давомида Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган. Ҳар галги сафар давомида жадал ўзгариб, келажагини ишонч билан қураётган мамлакат ҳақида янги ва ёрқин таассуротлар билан қайтган.
Нашрда Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг тарихий-маданий меросига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллиф ислом цивилизацияси обидалари бутун дунёдан сайёҳларни жалб этаётганини, замонавий Ўзбекистонда Буюк ипак йўли мероси туризм, инвестициялар, маданият ва транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришнинг муҳим ресурсига айланаётганини таъкидлайди.
У Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолайди.
Мақолада мамлакат иқтисодиётининг хорижий инвестициялар учун очиқлиги ортиб бораётгани, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ва туризм ривожланаётгани ҳамда замонавий технологиялар ва рақамли иқтисодиётга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилган.
Муаллиф ёш авлодга инвестиция киритишни Ўзбекистон тараққиёт моделининг энг муҳим элементларидан бири деб атайди. У, шунингдек, Тошкент ва бошқа шаҳарларда юз бераётган ўзгаришлар, инфратузилмани модернизация қилиш ва мамлакатнинг дунёга янада очилишга интилишига эътибор қаратади.
Ўзбекистоннинг модернизацияни миллий анъаналарни сақлаб қолиш билан уйғунлаштира олиш қобилияти алоҳида таъкидланган. Технологиялар, университетлар ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш билан бир қаторда, анъанавий ҳунармандчилик, санъат, миллий либослар ва мусиқа мамлакат маданий маконининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.
Мақола сўнггида муаллиф Ўзбекистон халқига барқарорлик ва фаровонлик тилайди ҳамда мамлакат чуқур тарих, қулай географик жойлашув ва асосий бойлиги – ёшларга таянган ҳолда ўз келажагини барпо этишда давом этишига ишонч билдиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси