Доҳада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги тантанали нишонланди
Сентябрь 12, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 68ДОҲА, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. Қатар пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тантанали тадбир Доҳанинг энг машҳур маданий масканларидан бири — Ислом санъати музейида бўлиб ўтди. Унда Қатарнинг расмий доиралари, ишбилармон ва жамоатчилик вакиллари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлар иштирок этди.
Маросимда Қатар меҳнат вазири Али бин Саид Ал-Маррий, давлат вазирлари Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Куварий ва Исса бин Ҳилол Ал-Куварий, шунингдек, бошқа юқори мартабали вакиллари қатнашди.
Қабул маросими Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, эришилган улкан ютуқлар ва бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга намоён этиш учун муҳим майдон бўлди. Меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, очиқ ва фаол ташқи сиёсат юритиш ҳамда жамият ҳаётини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирнинг мазмун-моҳияти мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт салоҳияти билан бир қаторда халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий меросини тарғиб этишга қаратилди. Ташриф буюрганларга ўзбек меҳмондўстлигининг рамзи бўлган анъанавий палов тортиқ қилинди. Машҳур опера хонандаси Отабек Назиров иштирокидаги концерт дастурида ижро этилган ўзбек ва жаҳон мусиқа санъати дурдоналари кечага алоҳида файз бағишлади.
Доҳада ташкил этилган мазкур тантанали қабул нафақат қутлуғ санани нишонлаш, балки Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Ушбу тадбир икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



