Бинали Йилдирим: Ўзбекистонга бормай туриб туркий дунёни, унинг тарихи ва келажагини англаб бўлмайди
Август 20, 2026. 08:10 • 4 дақ
• 128
АНҚАРА, 20 август. /“Дунё” АА/. Туркиялик давлат ва жамоат арбоби, мамлакатнинг собиқ Бош вазири ва парламент спикери, айни вақтда Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Яқин кунларда қардош Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Биз, 86 миллионли туркияликлар ушбу қувончли кунларда Сизнинг қувончингизга шерикмиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, турк миллатининг ўзбек биродарларига саломи ва самимий меҳр-муҳаббатини йўллаймиз.
Туркий давлатлар ташкилотининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан тараққиётга эришди. Ҳар сафар Туркий давлатлар Оқсоқоллар кенгаши раиси сифатида бу диёрга борганимда, тамомила янги ва ўзгача Ўзбекистонни кўраман.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Андижон, Наманган, умуман, барча ҳудудларда ривожланиш, беқиёс тараққиёт кўзга ташланади. Инвестиция, иқтисодиёт, саноат, мудофаа, маданият, санъат, спорт, қишлоқ хўжалиги, IT ва янги технологиялар каби кўплаб соҳаларда салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
Қимматбаҳо металлар, табиий газ, тўқимачилик, автомобилсозлик ва бошқа тармоқларда ўсиш жадал суръатларда давом этмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсди. Бу нафақат туркий давлатлар орасида, балки жаҳон миқёсида ҳам юқори натижадир.
Бунинг ортида сўнгги йиллардаги тараққиёт ва юксалишни таъминлаган кучли сиёсий ирода бор. Бу ироданинг тимсоли эса муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевдир. У киши илгари сурган стратегик режалар ва “Янги Ўзбекистон” ғояси қадам-бақадам амалга ошмоқда. Биз, ТДТ аъзоси бўлган қардош Туркия бундан жуда катта бахтиёрлик ҳис қиламиз.
Ўзбекистон аҳоли сони жиҳатидан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида Туркиядан кейинги энг йирик мамлакатдир. Яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: ёшлар улуши ва ёш аҳоли салоҳияти жиҳатидан Ўзбекистон Туркий дунёда етакчи. Инсон – бу ресурс. Ёшлар эса келажак демакдир.
Президент Шавкат Мирзиёев фақат иқтисодий тараққиёт билан чекланиб қолаётгани йўқ. Айни пайтда у туркий халқларнинг қадимги тарихидан бугунги кунгача бўлган цивилизацион тараққиётини ёш авлодга тақдим этадиган муҳим ва улкан марказларнинг тамал тошини қўймоқда.
Бухородаги бунёдкорлик ишлари, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасининг янги қиёфаси, Хива шаҳрининг янгидан обод қилинишигача бўлган жараёнларда турк-ислом тамаддунининг буюк қадриятлари қайта намоён бўлмоқда. Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – дунёда ўхшаши йўқ беқиёс иншоотдир.
Жорий йил июнь ойида Намангандаги халқаро мақом фестивали ҳамда Андижонда ўтказилган “Туркий дунёнинг маданий пойтахти – 2026” халқаро тадбирларида иштирок этдим. Ҳар борганимда бир янгиликка гувоҳ бўламан. Сўнгги ташрифимда Фарғона водийсидаги ўзгаришларни кўриб, қувондим. Наманганда Президент нутқини эшитиб, санъатга, миллий-маънавий қадриятларни тиклашга бўлган улкан саъй-ҳаракатларга яна бир бор гувоҳ бўлдим.
Мен Туркияда ўтказиладиган учрашув ва тадбирларда доим Ўзбекистонни тарғиб қиламан. Барчага: “Ота юрт – Ўзбекистонни бориб кўринг!”, дейман. Ёшларимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган, Андижонга бориши, уларнинг бой тарихи ва қадриятларини ўз кўзлари билан кўриши керак.
Айниқса, Президент ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ҳар бир туркий йигит-қиз албатта кўриши зарур. Бу муаззам даргоҳда туркийларнинг Исломдан аввалги ва муқаддас динимиз қабул қилинганидан кейинги тарихи муҳташам тарзда намойиш этилган. Замонавий технологиялар ўз ўрнида ва усталик билан қўлланилган. Ўзбекистонга бормасдан туриб туркий дунёни, унинг тарихи ва келажагини англаш мумкин эмас.
Доимо ёши улуғлар ва нуронийларга бўлган ҳурмат-эътиборни Ўзбекистондан ўрганишимиз кераклигини таъкидлайман ва тарғиб қиламан. Бу юрт қадим туркий анъана бўлган маҳалла ва оқсоқоллар институтини асраб қолган, кейинги авлодларга етказа олаётган қадрли мамлакатдир.
Шу муносабат билан Туркия фуқароси сифатида, Туркий давлатлар Оқсоқоллар кенгаши раиси ўлароқ, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига ўз миннатдорлигимни билдираман ва чуқур эҳтиромимни изҳор этаман. У кишининг Ўзбекистон равнақи, тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туркий давлатларга кўрсатаётган биродарлигидан жуда мамнунмиз.
Иншооллоҳ, биз қўлни-қўлга бериб, елкама-елка туриб, келажак авлодлар учун дунёдаги энг муҳим ва нуфузли ҳамжамиятлардан бири сифатида биргаликда ҳаракат қилишда давом этамиз.
Ўзбекистон халқи ва Президентини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан яна бир бор қутлайман.
Мустақиллигингиз абадий бўлсин! Мамлакатдаги тинчлик ва фаровонликка кўз тегмасин.
Яна кўп йиллар муваффақият ва тараққиёт сари биргаликда одимлашда Яратган Парвардигор барчамизни қўлласин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси