Холид Ал-Сулайтий: Ўзбек маданиятининг ўзига хослиги ва қадимий цивилизация билан боғлиқлиги менда катта таассурот қолдирди

Сентябрь 03, 2026. 18:00 • 4 дақ

25
Холид Ал-Сулайтий: Ўзбек маданиятининг ўзига хослиги ва қадимий цивилизация билан боғлиқлиги менда катта таассурот қолдирди

ДОҲА, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Katara Cultural Village” маданият мажмуаси бош директори, Ўзбекистоннинг Қатардаги маданият элчиси Холид Ал-Сулайтий Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Дунё” ахборот агентлигига интервью бериб, Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Жаноб, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига қандай тилакларингиз бор?

– Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан биродар ўзбек халқига энг самимий табрикларимни йўллайман. Юртингизга янада тараққиёт, равнақ ва фаровонлик тилайман.

– Ўтган 35 йиллик давр, хусусан, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ўзгаришларни қандай баҳолайсиз ва уларнинг қайси жиҳатларини алоҳида эътироф этасиз?

– Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти модернизация, очиқлик ва барқарор ривожланишга қаратилган аниқ ёндашувни намоён этмоқда.

Мамлакатнинг миллий ва маданий ўзига хослигини сақлаган ҳолда келажак сари ишонч билан қадам ташлаётгани кишини ҳайратга солади. Маданият соҳаси вакиллари сифатида биз учун бундай мувозанат жуда муҳим. Чунки ҳақиқий ривожланиш ўз тарихидан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, бу ўз илдизларига таяниш, маданият ва меросни асраш билан бирга дунёга очилиб, тараққиёт билан ҳамқадам бўлишдир.

– Қатар ва Ўзбекистон ўртасида, жумладан, маданият ва меросни асраш соҳасидаги муносабатларнинг ҳозирги даражасини қандай баҳолайсиз?

– Биз Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни алоҳида ва жадал ривожланаётган алоқалар сифатида баҳолаймиз. Сўнгги йилларда улар турли соҳаларда, айниқса, маданият йўналишида сезиларли даражада кенгайди.

“Katara Cultural Village” маданият мажмуаси икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни доим қўллаб-қувватлаб келган. Зеро, маданиятлараро мулоқот халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва уларни яқинлаштиришда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Ўзбекистоннинг эришган ютуқлари ва тараққиёт йўлини намойиш этиш халқнинг янада фаровон келажакка интилишини акс эттирувчи яхши имкониятдир. Биз ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги қўшма маданий-маърифий тадбирлар ва ташаббусларни амалга оширишдан умидвормиз.

Шунингдек ўқинг

– Яқинда Ўзбекистоннинг Қатардаги маданият элчиси этиб тайинландингиз. Бу лавозим Сиз учун қандай аҳамиятга эга ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда нималарга эътибор қаратасиз?

– Ўзбекистоннинг Қатардаги маданият элчиси этиб тайинланганим мен учун катта шараф. Бу ишонч ва эътирофни юксак қадрлайман. Ушбу тайинловни “Katara Cultural Village” маданият мажмуасининг маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришдаги ролини янада ошириш имконияти сифатида қабул қиламан.

Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Бунда икки халқ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Жамғармамиз ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2013 йилдан бошлаб жамоатчиликни ўзбек санъати ва маданий мероси билан таништиришга қаратилган тадбирлар, қўшма лойиҳалар, маданий учрашувлар ва турли ташаббусларни амалга оширмоқдамиз.

Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг бой маданий мероси ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасидир. Мамлакатларимиз аҳолисини икки халқнинг бой маданияти билан яқиндан таништириш, халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги қўшма ташаббусларни амалга оширишда давом этамиз.

– “Katara Cultural Village” маданиятлараро мулоқот майдони ҳисобланади. Ўзбек маданияти ва мероси – унинг Буюк Ипак йўли билан боғлиқ тарихи, меъморчилиги ва санъати ҳақида қандай таассуротларингиз бор?

– Ўзбек маданияти Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим чорраҳа бўлган қадимий цивилизацияси билан менда чуқур таассурот қолдирган. Айниқса, ўзбек меъморчилигининг бойлиги, анъанавий ҳунармандчилик ва санъат турларининг ранг-баранглиги мени ҳайратга солади.

Биз маданий меросни фақат асраб-авайланиши ва эъзозланиши лозим бўлган ўтмиш эмас, балки мулоқот ва келажакни барпо этиш учун муҳим манба эканига ишонамиз. Ўзбекистон бой цивилизацион мероси ва миллий ўзига хослигини очиқлик билан уйғунлаштира олиши билан ажралиб туради.

Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинувнинг кенгайиши мамлакатларимиз учун инновациялар, ҳамкорлик ва мазмунли мулоқот борасида янги имкониятлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш