Меҳмет Сейфеттин Эрол: Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсати унинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамламоқда

Сентябрь 03, 2026. 13:00 • 3 дақ

157
Меҳмет Сейфеттин Эрол: Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсати унинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамламоқда

АНҚАРА, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази (АНКАСАМ) раиси, профессор Меҳмет Сайфеттин Эрол Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан  “Дунё”АА орқали халқимизга ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон мустақилликнинг 35 йили давомида янги тараққиёт босқичини бошдан кечирди. Айниқса, сўнгги ўн йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ички ва ташқи қиёфасини сезиларли даражада ўзгартирди. Янги Ўзбекистон сиёсатида очиқлик, прагматизм, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва амалий натижага эришиш устувор йўналишга айланди.

Бу жараёнда Туркия билан ҳар томонлама стратегик шериклик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Тарихий ва маданий яқинликка асосланган икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган кенг ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги яқин алоқалар мамлакатнинг халқаро майдонга янада фаол интеграциялашувига ҳам хизмат қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатида асосий эътибор аниқ муаммоларга амалий ечим топиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Бу, аввало, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан муносабатларда яққол намоён бўлди. Чегара, сув ресурслари ва бошқа мураккаб масалаларни мулоқот ва келишувлар орқали ҳал этишга қаратилган ёндашув минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Бугунги геосиёсий рақобат кучайиб бораётган шароитда Тошкент кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда. Хитой, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия ва бошқа давлатлар билан муносабатлар ўзаро манфаат ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ривожлантирилмоқда. Бу ёндашув Ўзбекистонга мувозанатни сақлаган ҳолда миллий манфаатларини илгари суриш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ҳам ташқи иқтисодий сиёсатда муҳим омил ҳисобланади. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган мамлакат сифатида транспорт ва логистика йўналишларини диверсификация қилиш стратегик аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Осиё ва Европани боғловчи Ўрта коридордаги иштироки, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси ҳамда Каспий орқали Жанубий Кавказ ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар муҳимдир.

Шунингдек ўқинг

Озарбайжон билан муносабатларнинг жадал ривожланиши ҳам Ўзбекистоннинг транспорт ва геоиқтисодий аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Бу ҳамкорлик Марказий Осиёни Кавказ ва Европа билан боғлайдиган янги иқтисодий имкониятларни шакллантиришга хизмат қилади.

Иқтисодий соҳада ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон уран, олтин, табиий газ ва бошқа стратегик ресурслардан фойдаланишда очиқликни кучайтириб, жаҳон бозори билан интеграцияни кенгайтирмоқда. “Яшил” энергетика, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳам иқтисодиётни модернизация қилишнинг муҳим қисмидир.

Бу ўзгаришларнинг ғоявий асосларидан бири – Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс концепциясидир. Ушбу ғоя Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий-маданий меросини замонавий билим, технология ва инновациялар билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатнинг босиб ўтган йўлини сарҳисоб қилиш билан бирга, келгуси мақсадларни белгилаш учун ҳам муҳим даврдир. Очиқ иқтисодиёт, фаол дипломатия, транспорт ва энергетика лойиҳалари, минтақавий ҳамкорлик ҳамда Туркия каби стратегик шериклар билан яқин алоқалар Ўзбекистоннинг Евроосиёдаги ўрнини мустаҳкамламоқда.

Ташкилотимиз номидан бутун Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин кўнгилдан табриклайман.

Қардош ўзбекистонлик биродарларимизга доимо тинчлик-омонлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш