Буюк Британияда меҳнат қилаётган ватандошлар билан биргаликда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди
Сентябрь 19, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 190ЛОНДОН, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда “Oshpaz” ўзбек миллий таомлари ресторани билан ҳамкорликда Буюк Британиянинг қишлоқ хўжалиги фермаларида меҳнат қилаётган ватандошлар учун мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам дастурхони ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг асосий мақсади хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар учун асосий миллий байрам муҳитини яратиш ҳамда уларнинг Ўзбекистон билан маънавий ва маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирда Буюк Британиянинг турли ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги фермаларида меҳнат қилаётган 200 га яқин ватандошларимиз иштирок этди.
Учрашув давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда хорижда яшаётган ва меҳнат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Хорижда меҳнат қилаётган ватандошларнинг ижтимоий ва маънавий-маданий эҳтиёжларига эътибор қаратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон билан яқин алоқаларини сақлаб қалиш муҳим устувор йўналишлардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Байрам дастурхонида меҳмонларга анъанавий ўзбек миллий таомлари тортиқ этилди.
Тадбир иштирокчилари ташкилотчиларга миннатдорлик билдириб, бу каби ташаббуслар хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни маънавий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



