Буюк Британия рекрутинг компаниялари Ўзбекистон фуқаролари учун мавсумий ишларга ажратиладиган квоталар сонини оширади
Январ 27, 2025. 18:42 • 2 дақ
• 421
ЛОНДОН, 27 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва Буюк Британиянинг бир қатор давлат ташкилотлари ва рекрутинг компаниялари раҳбарлари иштирокида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Британияда "Мавсумий ишчилар схемаси" (Seasonal Workers Scheme") лойиҳаси доирасида фаолият юритувчи Ишчи кучи етказиб берувчилар ассоциацияси, Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилоти, "Pro-Force", "HOPS Labour Solutions", "Fruitful jobs LTD" ва "Concordia Charity" каби рекрутинг компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда мавжуд ишчи кучини Британияга диверсификация қилиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, Буюк Британиядаги мавсумий ишларга ўзбекистонликларни жалб қилиш механизмлари, шу жумладан, номзодларни топиш, саралаш ва уларни тест синовларидан ўтказиш жараёнларини шаффоф ташкил қилиш каби масалалар хусусида фикр алмашилди.
Британияни томони Миграция агентлиги томонидан амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар, хусусан хорижий компанияларга Ўзбекистондан кафолатланган, қулай, хавфсиз ва тартибли равишда мавсумий ишчиларни жалб этиши учун барча имкониятлар яратиб берилишини қайд этишди. Шунингдек, Британия компаниялари келгусида Ўзбекистон билан ушбу йўналишдаги алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Музокаралар якунида, Британиянинг рекрутинг компаниялари билан янги шартномалар тузиш ва Ўзбекистон фуқаролари учун мавсумий ишларга ажратиладиган квоталар сонини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
