Токиода Тошкент вилояти делегацияси ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув марказини очиш истиқболларини муҳокама қилди

Ноябрь 15, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 176
Токиода Тошкент вилояти делегацияси ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув марказини очиш истиқболларини муҳокама қилди

ТОКИО, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Японияга ташрифи доирасида Токио шаҳрида чет элликларни касбга тайёрлаш, уларни саралаш ва ишга жойлаштиришга ихтисослашган “Onodera User Run” компанияси президенти Дзюн Като билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Япония меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.

Аввалроқ Дзюн Като Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги “Intil” таълим марказига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда иштирок этган эди. У давлат раҳбарига ўзбекистонлик ёшларни бепул касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш ва кейинчалик ишга жойлаштириш дастурларини тақдим этган ҳамда компаниянинг режалари ҳақида сўзлаб берган эди.

Бугунги музокаралар давлат раҳбарлари даражасида бошланган ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. Мавжуд келишувларни аниқ инвестиция ва ижтимоий лойиҳаларга айлантириш, шунингдек, қўшма фаолият географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Onodera User Run” компанияси 2016 йилда Токио шаҳрида ташкил этилган. Бугунги кунда у Филиппин, Мьянма, Индонезия, Лаос ва бошқа давлатларда кадрлар тайёрлаш лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Унинг асосий фаолияти хорижий фуқароларни япон тили ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, Японияда ишлашга тайёрлаш ҳамда бандлигига кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек ўқинг

Компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб бормоқда. 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида “Our Blooming Academy Uzbekistan” таълим маркази ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, унда ёшлар овқатланиш саноати, қарияларни парваришлаш ва ҳайдовчилик кўникмалари бўйича таълим олмоқдалар.

Учрашувда мазкур тажрибани Тошкент вилоятида ҳам жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, вилоятда япон иш берувчиларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчиларни тайёрлашга мўлжалланган ихтисослаштирилган ўқув марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши ёшларнинг касб-ҳунар таълими ва бандлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтириши, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш