Logo

Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Волга федерал округига ташрифи доирасида Татаристонда йирик иш берувчи компаниялар раҳбарияти ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказди

Июль 15, 2025. 16:46 • 2 дақ

83
Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Волга федерал округига ташрифи доирасида Татаристонда йирик иш берувчи компаниялар раҳбарияти ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказди

ТОШКЕНТ, 15 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Қозон шаҳрига ташриф буюриб, йирик иш берувчи компаниялар раҳбарияти ва ушбу ҳудудда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, ташриф доирасида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга ихтисослашган, йилига 250 минг тонна асфальт-бетон маҳсулоти ишлаб чиқарувчи "Волга Автодор" масъулияти чекланган жамияти ва "Сююмбике" кафелар тармоғи раҳбарияти, шунингдек, мазкур корхона ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётган юртдошларимиз билан мулоқот бўлиб ўтди.

Ҳозирда "Волга Автодор" МЧЖнинг Нижнекамск ва Набережние Челнидаги филиалларида 500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Шунингдек, Қозон шаҳридаги бош офисда тахминан 50 нафар юртдошимиз фаолият юритмоқда. "Сююмбике" кафелар тармоғида эса 20 нафар Ўзбекистон фуқароси ишламоқда.

Учрашувлар давомида меҳнат муҳожирлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга миграция қонунчилигига риоя этиш, ноқонуний фаолиятларга аралашмаслик, шунингдек, яшаб турган давлатнинг урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан ёндашиш муҳимлиги тушунтирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили томонидан ахлоқий қадриятлар, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий суҳбатлар олиб борилди.

"Волга Автодор" МЧЖ раҳбарияти ўзбекистонлик малакали ишчи кучига юқори қизиқиш билдирган ҳолда, 2026 йилда яна 300 нафар ходимга эҳтиёж мавжудлигини таъкидлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш