Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Магадан вилоятида ватандошларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини ўрганди
Май 09, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 111МАГАДАН, 12 май. /“Дунё” АА/. Ватандошлар ҳолидан хабар олиш, консуллик-ҳуқуқий қабуллар ўтказиш ҳамда иш берувчилар билан учрашув ва музокаралар олиб бориш мақсадида Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Россиянинг Магадан вилоятига хизмат сафарини амалга оширди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида Магадан шаҳрида турар ва турар бўлмаган бинолар қурилиши, олтин қазиб олиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи “Строй Техно Стандарт”, “Легион” ва “Новый Дебин” корхоналарида ишлаётган юртдошлар билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, корхона раҳбарлари билан алоҳида мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувларда ҳамюртлар ҳолати ўрганилиб, уларнинг иш шароити, яшаш жойлари, умумий овқатланиш имкониятлари ҳамда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ватандошларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Уларга экстремистик ва террорчилик ташкилотларидан узоқ бўлиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш, шунингдек, ўзбек маданияти ва қадриятларини тарғиб этиш тавсия этилди.
Иш берувчи корхоналар раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда мавжуд бўш иш ўринлари ва турли соҳаларда малакали ишчи кучига бўлган эҳтиёж ҳақида маълумотлар олинди. Шу асосда ушбу бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳамда хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишув лойиҳаси ва зарур ҳужжатлар рўйхати тақдим этилди.
Магадан вилоятидаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиш ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу мақсадда “Ўзбекистон” номли ўзбек жамоат ташкилоти раҳбарияти ҳамда фаол ватандош хотин-қизлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашув якунлари бўйича 2026 йил учун ҳамкорлик режаси тасдиқланиб, ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва профилактика ишларини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








