БМТ форумида Ўзбекистоннинг миграция соҳасидаги ютуқлари намойиш қилинди
Май 12, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 74НЬЮ-ЙОРК, 12 май. /“Дунё” АА/. БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида ташкилот Бош Ассамблеяси ҳомийлигида халқаро миграция муаммоларини кўриб чиқиш бўйича иккинчи форум бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда БМТга аъзо давлатларнинг юқори мартабали вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, жумладан, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ), БМТ тизимидаги ихтисослашган тузилмалар, фуқаролик жамияти ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон делегациясига Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилди. У ўз нутқида форум иштирокчиларини мамлакатда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилди. Таъкидланишича, Ўзбекистон миграцияни нафақат меҳнат мобиллиги масаласи, балки инсон капитали ривожи, ижтимоий барқарорлик ва халқаро ҳамкорликнинг муҳим омили сифатида кўради.
Шунингдек, мамлакатда миграцияни бошқариш тизими кенг қамровли модернизация қилингани ва фуқароларни хорижга чиқишга тайёрлашдан тортиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чет элда ҳимоя қилишгача бўлган барча жараёнларни мувофиқлаштирувчи ягона тузилма яратилгани қайд этилди.
Инсон капиталига сармоя сифатида сифатли, хавфсиз ва қонуний миграцияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан республикада хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг касбий, тил ва ҳуқуқий тайёргарлигини кучайтириш механизмлари такомиллаштирилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон томони миграция соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Жорий йилнинг 18–19 май кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда замонавий миграция масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши маълум қилинди.
Форум доирасида БМТ штаб-квартирасида Қатар билан ҳамкорликда “Мигрантларни эксплуатация ва одам савдосидан ҳимоя қилиш: институционал тизимларни интеграциялаш ва давлат шериклигини мустаҳкамлаш” мавзусида параллел тадбир ташкил этилди.
Тадбирга Беҳзод Мусаев ҳамда Қатар меҳнат вазири ўринбосарининг ёрдамчиси шайха Нажва бинт Абдулраҳмон Ол Таний ҳамраислик қилди.
Унда Халқаро миграция ташкилоти, Қатар Меҳнат вазирлиги, БМТга аъзо давлатлар, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон ва Қатарнинг меҳнат мигрантлари билан ишлаш соҳасидаги тажрибаси тақдим этилди, шунингдек ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир якунида экспертлар билан интерактив мулоқот бўлиб ўтди.
Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари бир қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди. Хусусан, Швеция миграция вазири Йохан Форсселл, Халқаро миграция ташкилоти Бош директорининг операциялар бўйича ўринбосари Угочи Дэниелс, Финляндиянинг миграция бўйича махсус элчиси Туула Свинхуфвуд, шунингдек Нью-Йоркдаги “Ballon Stoll” юридик фирмаси бошқарувчи шериги Вано Ҳарутунян билан музокаралар олиб борилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси











