Logo

Корея Республикаси тарихида илк бор Ўзбекистон фуқароларига Ульсан шаҳар мэрияси орқали соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади

Март 19, 2025. 09:38 • 2 дақ

421
Корея Республикаси тарихида илк бор Ўзбекистон фуқароларига Ульсан шаҳар мэрияси орқали соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади

ТОШКЕНТ, 19 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ва Ульсан шаҳри мэри Ким Ду Гём бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, Ўзбекистондан меҳнат ресурсларини шаҳардаги йирик саноат объектларига жалб этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ким Ду Гём Корея Республикаси тарихида илк бор Ўзбекистон фуқароларига шаҳар мэрияси орқали соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари кўзда тутилаётгани ҳақида хабар берди.

Хусусан, Ульсан шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун бир қатор имтиёзлар жорий этилмоқда. Битирувчилар уч ойлик касбий тайёргарлик ва тил ўрганиш курсларини тамомлагандан сўнг меҳнат визаси олинади ва ишга жойлаштирилади. Бундай механизм пилот лойиҳа сифатида биринчи марта қўлланилмоқда. Мэр Ким Ду Гём агар натижа ижобий бўлса, бошқа шаҳарлар ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу механизмни жорий этиши мумкинлигини тушунтирди.

Корея Республикаси вакиллари Ўзбекистон томонининг Ульсан корхоналарида Ўзбекистон фуқароларини оилалари билан биргаликда, агар улар ноқонуний ҳолга келиб қолмаган бўлса, ташкилий равишда ишга жойлаштириш имконияти ҳақидаги сўровини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Корея иқтисодиётининг саноат ва бошқа тармоқларига ишга жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан қатор келишувларга эришилди.

"Дунё" АА олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш