Кувайт компаниялари ўзбекистонлик тиббиёт ва қурилиш мутахассисларини ишга жалб этишга қизиқиш билдирмоқда

Ноябрь 24, 2026. 20:00 • 2 дақ

• 120
Кувайт компаниялари ўзбекистонлик тиббиёт ва қурилиш мутахассисларини ишга жалб этишга қизиқиш билдирмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз дипломатлари томонидан Кувайтнинг “EMCC” ва “Rokadiya Overseas” компаниялари, Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий бандлик агентликлари вакиллари иштирокида  онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида ўзбекистонлик малакали мутахассисларни Кувайт меҳнат бозорига жалб этиш, хусусан, тиббиёт, маиший хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, “EMCC” компанияси вакили Кувайтдаги тиббиёт муассасалари эҳтиёжи учун уч йилдан ортиқ иш тажрибасига эга ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга жалб этишга тайёрлигини билдирди. Номзодларга қўйиладиган талабларни ўзаро келишиш ҳамда компания вакилларининг 30 ноябрь куни Ўзбекистонга ташрифи давомида амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, “Rokadiya Overseas” компанияси директори Кувайтдаги йирик қурилиш лойиҳалари учун ўзбекистонлик малакали чилангарларга талаб юқори эканини маълум қилди. Бундан ташқари, тиббиёт ва саноат тармоқларида ҳам юртимиз мутахассисларини иш билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида “Rokadiya Overseas” компанияси вакилларининг 29 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Янги Ўзбекистон — глобал имкониятлар чорраҳаси” халқаро бизнес-форуми доирасидаги ташрифи чоғида Миграция агентлиги ва “Interwork” хусусий бандлик агентлиги билан ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ҳамда Ҳамкорлик меморандумини имзолаш юзасидан келишувга эришилди.  

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш