Польшадаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя остида

Ноябрь 21, 2024. 16:25 • 2 дақ

223
Польшадаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя остида

ВАРШАВА, 21 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатда бўлиб турган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Варшавада оёғидан жароҳат олиши натижасида самолётда учишга рухсат берилмаган юртдошимиз Я.С.га "LOT" авиакомпанияси билан музокаралар ўтказиш орқали махсус рухсатнома олинди ва беморга тиббий ёрдам кўрсатилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Автоҳалокатдан жабр кўрган ватандошимиз Ш.Ш. вақтинча турар жой билан таъминланди, унга тиббий ёрдам кўрсатилди ва авиачипта сотиб олиб берилди.

Дипломатлар ватандошларимиз истиқомат қилаётган Варшава шаҳридаги 4 та хостелга ташриф буюриб, консуллик хизматлари кўрсатишди. Учрашувда Ўзбекистон Президентининг "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, мулоқот давомида маълум бўлган уч нафар ишсиз юртдошимизнинг бандлиги таъминланди. 

Бундан ташқари, Польшада ноқонуний бўлиб турган ватандошларимизни ўз вақтида юртимизга қайтариш мақсадида Польшанинг тегишли ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Элчихона ўз фаолияти давомида нафақат ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, балки уларнинг қонуний ишга жойлашиши ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам амалга оширмоқда.

Жумладан, "Personnel Service", "Santle HR", "Stafflink Europe" ва бошқа компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. Учрашувлар натижасида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш ва Польшада бўлиб турган фуқароларимизни иш билан таъминлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш