Германиянинг Галле шаҳрида Ўзбекистондан малакали ишчи кучини жалб қилиш имкониятларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Июль 07, 2025. 18:41 • 2 дақ
• 122
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 8 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ва "SBH West" немис таълим маркази томонидан Германиянинг Галле (Вестфален) шаҳрида "Ўзбекистондан малакали ишчи кучини жалб қилиш, ривожлантириш ва ишга жойлаштириш" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Шимолий Рейн-Вестфалия федерал еридаги етакчи ишга жойлаштириш агентликлари ва ўқув марказлари вакиллари, миграция ва интеграция бўйича туман бошқармасининг ижтимоий ходимлари ҳамда маҳаллий компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Бош консулхона дипломатлари иштирокчиларга мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, хусусан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дастурлар, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик, инсон капитали ва уни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзбекистон ва Германия ўртасида тартибли меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан Германия Канцлерининг 2024 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрига буюрган расмий ташрифи чоғида имзоланган Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битимнинг мазмун-моҳияти урғуланди.
"SBH West" немис таълим маркази бошқарувчи директори Петер Ниеманн ўз чиқишида ушбу тадбир Ўзбекистонда Германия учун кадрлар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш, шу жумладан автобус ва юк машиналари ҳайдовчилари, локомотив машинистлари, шунингдек, омбор логистикаси бўйича мутахассисларини жалб этиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди. "Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсати ушбу сегментни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муваффақиятли ривожланишига кўмаклашмоқда", – деди у.
Бундан ташқари, анжуман доирасида потенциал иш берувчилар билан алоҳида учрашувлар ўтказилди. Уларда Ўзбекистон фуқароларининг Германиядаги долзарб касблар – қурилиш ва пардозлаш ишлари, электротехника ва металлургия саноати, ёғочга ишлов бериш саноати ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда малакасини ошириш ва ишга жойлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Германия бизнеси вакиллари икки йиллик электроника ёки металл технологияси бўйича ўқитиш дастурини тугатган ўзбекистонлик ёшларни стажёрлар ва малакали ишчилар сифатида ишга жалб қилиш бўйича қўшма дастурни амалга оширишни таклиф қилди.
Шунингдек, хорижий томон юртимиздан малакали ишчиларни жалб қилиш ва интеграция қилиш мақсадида келгуси йилда Ўзбекистон ҳудудларида Германиядаги меҳнат бозорининг жорий эҳтиёжларига бағишланган махсус тақдимотларни ташкил этиш режаларини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди