Ўзбекистонлик мутахассис ишчилар Туркиянинг йирик энергетика лойиҳаларида иштирок этмоқда
Март 16, 2026. 16:39 • 2 дақ
• 184
ЗОНГУЛДАК, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Туркиянинг Зонгулдак вилоятидаги сузувчи газ қазиб олиш платформасида вақтинча ишлаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида дипломатлар фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиб, меҳнат ва яшаш шароитлари, хавфсизлик талабларига риоя қилиш, касбий мажбуриятларни бажариш жараёнини муҳокама қилди. Ватандошларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Дипломатик идора вакиллари ўзбекистонлик мутахассисларнинг Туркиядаги кенг кўламли энергетика лойиҳаларида иштирок этиши уларнинг юқори касбий салоҳияти ва меҳнатсеварлигини намойиш этишини таъкидлади.
Бундан ташқари, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш дипломатик миссиянинг устувор вазифаларидан ҳисобланиши қайд этилди.
Ватандошларга меҳнат фаолиятининг ҳуқуқий жиҳатлари, хавфсиз ишлаш қоидалари ва дипломатик ваколатхона билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон фуқаролари эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдириб, халқаро энергетика лойиҳаларида иштирок этиш муҳим тажриба бўлиб, янги касбий имкониятларни очишини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси