Logo

Чехияда паспортсиз қолган ватандошга амалий ёрдам кўрсатилди

Март 09, 2026. 15:00 • 2 дақ

107
Чехияда паспортсиз қолган ватандошга амалий ёрдам кўрсатилди

ПРАГА, 9 март. /“Дунё” АА/. Чехияга ишлаш мақсадида келган, бироқ айрим ҳуқуқий муаммо ва молиявий сабабларга кўра, мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошимиз дипломатик ваколатхона кўмагида ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни оғир вазиятларда қўллаб-қувватлашни доимий устувор вазифа сифатида белгилаган.

Дипломатлар томонидан кўрсатилаётган бундай амалий ёрдам ватандан йироқда бўлган юртдошлар учун муҳим аҳамиятга эга. Ана шундай консуллик кўмагини ҳис этиб, дипломатлардан нажот сўрган ҳамюртимиз Ш.Нга ҳам ўз вақтида ёрдам кўрсатилди.

Маълум бўлишича, ватандошимиз Чехияга меҳнат қилиш мақсадида келгач, хорижга чиқиш паспортини ўғирлатиб қўяди. Натижада, ишлаш учун керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирмагани сабабли, ноқонуний мақомга ўтиб қолган. У бунга эътибор қилмасдан, шу тариқа яшаб, ишлаб келган. Ўзбекистонга қайтиш пайти келганда эса янги ҳужжатни қаердан олиш мумкинлиги ҳамда ватанга қандай тартибда қайтишни билмаган.

Читайте также

Паспортсиз қолгани, Чехия Республикасида қонуний яшаш ҳамда ишлаш учун ҳужжат расмийлаштиришнинг мураккаблиги сабабли ҳамюртимиз оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган. У мушкул вазиятини ҳал этиш мақсадида мамлакатимизнинг Чехиядаги элчихонаси консуллик бўлимига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ўзбекистон дипломатик миссияси ушбу ҳолат юзасидан дарҳол чоралар кўриб, фуқарога амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Прага шаҳридаги Халқаро миграция ташкилоти (IOM) билан музокара олиб борди. Ҳамюртимизга Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди ва 2026 йил 3 март куни унинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашилди.

Элчихона ходимларининг ўз вақтида кўрсатган ёрдами ва IOM  билан самарали ҳамкорлик ватандан йироқда бўлган ҳар бир фуқаро эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш