Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги туризм дипломатияси жадаллик билан ривожланмоқда

Октябрь 29, 2025. 19:29 • 2 дақ

53
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги туризм дипломатияси жадаллик билан ривожланмоқда

ОСТОНА, 29 октябрь. "Дунё" АА/. Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" туризм форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда минтақа мамлакатларининг миллий туризм маъмуриятлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, бизнес ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этди.

Форум маданий, экологик ва зиёрат туризми йўналишларида қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, сайёҳлик лойиҳаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун муҳим майдонга айланди.

Марказий Осиёнинг сайёҳлик йўналишларини бирлаштирувчи "Буюк ипак йўли" минтақалараро маршрутларини ривожлантириш, шунингдек, минтақани халқаро бозорларда ягона сайёҳлик макони сифатида илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда энг муҳим янгилик сифатида "Qazaq Air" томонидан Ўзбекистоннинг "туристик пойтахти" – Самарқанд шаҳрига жорий йилнинг 7 ноябрь кунидан бошлаб тўғридан-тўғри авиарейсни йўлга қўйиш режаси эълон қилинди.

Форум давомида Андижон вилоятининг "La Noza" мода уйи томонидан анъанавий ўзбек миллий кийимлари намойиши ташкил этилди. Шухрат Воҳидов ва "Баҳор" давлат рақс ансамбли томонидан тақдим этилган концерт дастури иштирокчиларга манзур бўлди.

– Ўзбек миллий кийимларининг дефилеси ва санъат усталарининг чиқишлари бизга катта таассурот қолдирди, – деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Туризм элчиси Ляззат Агаханова. – Бу шунчаки тақдимот эмас – бу ҳақиқий маданий дипломатия. У орқали Ўзбекистон ўзини жаҳонга бой анъаналар, гўзаллик ва меҳмондўстлик маркази сифатида намоён этаяпти.

–Ўзбекистон томонининг тақдимоти бизга жуда ёқди. Мамлакатингизда туристик йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда, шунингдек мослашувчан пакетлар таклиф этиляпти, – деди туркомпания раҳбари Инна Рей. – Ўзбекистон фақат маданий мерос эмас, балки кенг кўламли меҳмон қабул қилишга тайёр бўлган замонавий туристик инфратузилмага ҳам эга.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш