Logo

Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди

Декабрь 05, 2025. 11:40 • 2 дақ

129
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди

ПАНАЖИ, 5 декабрь. / “Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг Гоа штатида ёрқин маданий алмашинув дастури - Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ва ўзбек миллий кийимларининг ранг-баранг намойиши ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги туризм элчиси Риту Бери томонидан уюштирилган тадбирда туристик сектор ҳамда маданий-гуманитар соҳа вакиллари иштирок этди. Фахрий меҳмонлар орасида Гоа штатининг туризм вазири Роҳан Кҳаунте ҳам бор эди. Бу эса ҳинд томонининг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган юқори даражадаги қизиқишини намойиш қилди.

Тақдимот маросимида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнига асос бўлаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Мамлакатимизда халқаро ва ички туристлар учун жозибали ва қулай муҳит яратилаётгани таъкидланди.

Туризм инфратузилмасидаги муҳим ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон туристик хизмат турларини кўпайтириб, MICE-туризм, кулинария ва оилавий туризм, экологик ва спорт маршрутлари, тоғ-тиббиёт ҳордиқ чиқариш ҳамда оилавий тантаналарни ўтказиш йўналишлари жадал ривож топаётгани урғуланди.

Ҳиндистон меҳмондўстлик сектори ва маданий-гуманитар соҳа вакиллари мамлакатимиздаги янгиланиш ва очиқлик жараёнини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам салоҳият мавжудлигини қайд этди.

Кечанинг марказий ва эсда қоларли лаҳзаси ҳинд манекенчиларининг дефилеси бўлди. Улар Ўзбекистон миллий либосларининг ёрқин намуналарига бурканиб, подиумга кўтарилди.

Намойиш жозибадор ранглар ва маҳорат тантанасига айланди. Гўёки қуёш нурларидан андоза олган адрaс ва икат матоларининг нақшлари, майин хонатлас либослари, ҳашаматли шойи чопонлар – ҳар бир кийим намунаси кўп асрлик тарихдан ҳикоя қилди.

Анъанавий, лекин айни пайтда замонавий образлар ўзбек халқининг бой маданий меросини таъкидлаб, подиумни Буюк ипак йўли мода санъатининг жонли галереясига айлантирди. Томошабинлар ҳар бир чиқишни катта қизиқиш билан кузатиб, намойишни қарсақлар билан қарши олди.

Бундай ёрқин тақдимотларни ўтказиш стратегик аҳамиятга эга. Тадбирлар ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамловчи қудратли маданий кўприк бўлиб хизмат қилади.

Гоа каби Ҳиндистоннинг муҳим ҳудудларида туристик ва маданий салоҳиятни ранг-баранг шаклларда намойиш этиш нафақат сайёҳлар оқимининг ўсишига ёрдам беради, балки Ўзбекистоннинг қадимий тарих, жонли бугунги кун ва ёрқин келажакка эга мамлакат сифатидаги барқарор ижобий имижини ҳам мустаҳкамлайди. Томонлар ушбу муҳим шериклик алоқаларини ривожлантириш бўйича фаол лойиҳаларни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш