Logo

Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасида сайёҳлик алмашинуви йўлга қўйилади

Май 17, 2024. 08:53 • 2 дақ

236
Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасида сайёҳлик алмашинуви йўлга қўйилади

ПЕКИН, 17 май /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Хитойнинг маданият ва сайёҳлик компаниялари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда "Beijing Yunchi International Consulting Co., Ltd." компанияси бош менеджери Ван Дэян, "Cultural and Educational Exchange Center of Beijing Yunchi International Consulting Co., Ltd., Diplomatic Service Bureau" директори Цуй Цин , "Diplomatic Youth Program at Beijing Yunchi International Consulting Co., Ltd" компанияси директори Лю Сяоцин қатнашди.


Мулоқот чоғида Ўзбекистон салоҳиятини хитойлик ёш сайёҳлар орасида кенг тарғибот қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.


Хитой томони Ўзбекистонда таълим ва тарбия соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик йўналишида бажарилаётган ишлар билан таништирилди.


Шунингдек, мамлакатимизда туристлар оқимини янада кўпайтириш бўйича ҳаётга тадбиқ этилаётган чора-тадбирлар дастури ҳақида ҳам сўз юритилди. Йиғилганларга ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлармиз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ибн Сино, Ал-Фарғоний, Ал-Хоразмий сингари буюк мутафаккирларимиз қолдирган мерос ҳамда халқимиз урф-одат ва анъаналари ҳақида сўзлаб берилди.


Тадбир доирасида Хитой сайёҳлик ва маданий компаниялар вакиллари билан икки мамлакат ўқувчи ёшларининг қишки ва ёзги таътил мавсумини мазмунли ўтказиш, шунингдек, уларга Ўзбекистон ва Хитойни яқиндан таништириш мақсадида икки мамлакат бўйлаб саёҳатлар ташкил этишга келишиб олинди.


 Хитой вакилларига кўра, икки мамлакат ўқувчиларининг ўзаро саёҳатларини уюштириш, улар ўртасида маданий фестиваллар, форумлар ўтказиш орқали  ёшларга ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиш, биргаликда қўшма лойиҳалар яратишга имконият берилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш