Logo

Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

Октябрь 27, 2025. 12:16 • 2 дақ

29
Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

КУВАЙТ, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Кувайтда бўлиб ўтган  "Дивания" тадбири доирасида Ўзбекистон туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кувайт томони Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси, туризм салоҳияти ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккир олимларимизга оид маълумотлар билан танишди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини модернизация қилиш, жумладан, хорижлик меҳмонларга халқаро андозалар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.  Ўзбекистон ҳудудида 7 мингдан ортиқ тарихий объектлар мавжудлиги, улар ЮНЕСКО билан ҳамкорликда муҳофаза қилиниши урғуланди.

Самарқанд, Хива, Бухоро ва Тошкент каби тарихий шаҳарлар, мамлакатимиз табиатининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни фаол жалб қилаётгани қайд этилди.

2025 йил 1 июндан бошлаб Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани "Jazeera" авиакомпаниясининг "Ал-Кувайт-Тошкент-Ал-Кувайт" йўналишидаги тўғридан тўғри авиарейслари ҳафтасига 4 маротаба амалга оширилаётгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Кувайт вакиллари ўз чиқишидаЎзбекистонда тинчлик ҳукм сураётгани, ҳар бир сайёҳ бемалол республиканинг тарихий шаҳарларини ва сайёҳлик ҳудудларини зиёрат қилиши ҳамда ўзбек миллий таомлардан баҳраманд бўлиши мумкинлиги эътироф этдилар.

Уларнинг айтишича, Ўзбекистонга бориш истагини билдираётган кувайтлик сайёҳлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий туроператорлардан янги ва жозибадор таклифлар тайёрлашни талаб этади. Қайд этилишича, Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг дурдонаси ва жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида Кувайтдаги сайёҳлар учун жуда кўп нарсаларни таклиф эта олади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш