Logo

Берлинда ўтказилган "Festival of Nations" халқаро фестивалда Ўзбекистон стенди эътироф этилди

Октябрь 04, 2025. 12:24 • 2 дақ

41
Берлинда ўтказилган "Festival of Nations" халқаро фестивалда Ўзбекистон стенди эътироф этилди

БЕРЛИН, 4 октябрь. /"Дунё" АА/. Германия пойтахтидаги халқаро мактабда ўтказилган "Festival of Nations" ("Халқлар дўстлиги") халқаро фестивалида илк бор Ўзбекистон маданияти ва туризми салоҳияти тақдим этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

30га яқин давлат иштирок этган анъанавий фестивалга икки мингдан ортиқ киши келди. Анъанага кўра, ўқув даргоҳидаги синфлар ота-оналари билан биргаликда ўз стендлари учун овоз бериш йўли билан дунё мамлакатларидан бирини танлашади. Жорий йилда мактабнинг "4А" синфи ўқувчилар ва ота-оналар жамоаси кўпчилик овоз билан Ўзбекистонни танлагани дунё мамлакатлари орасида юртимизга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Ҳар йили куз фаслида ўтказиладиган ушбу нуфузли фестивалда Ўзбекистон томони миллий стенд ва маданий дастур билан қатнашди. Мазкур тадбирдан асосий мақсад – кўпмиллатли ўқувчилар орасида маданий хилма-хилликни ривожлантириш ва бағрикенглик ғояларини илгари суришдан иборат.

Фестивалда мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон маданияти ва туризми салоҳияти иккита стендда намойиш этилди. Амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари, миллий либослар кўргазмаси ҳамда сайёҳлик имкониятлари ва маълумотларни ўзида акс эттирган тарқатма материаллар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Гастрономия стендида турли мевалар, ширинликлар ва ўзбек миллий таомлари тақдим этилди.

Фестиваль маданий қисмида ўзбек миллий рақслар ижро этилди. Ўзбекистон стенди турли давлатлар стендлари орасида ўзига хос миллийликни акс эттира олган энг оригинал стенд номинациясида ғолиб бўлди.

"Берлиндаги халқаро мактабда ташкил этилган "Халқлар дўстлиги" халқаро фестивалида Ўзбекистон биринчи марта иштирок этишига қарамай, жуда муваффақиятли қатнашди ва кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлди. Бу орқали ташриф буюрувчилар мамлакат, унинг маданияти ва санъати билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдилар. Бу имконият учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирамиз", - деди фестиваль иштирокчиси Лена Хергт.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш