Logo

Ўзбекистоннинг бой маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Токиодаги фестивалда намойиш этилди

Октябрь 19, 2025. 12:55 • 54 сония

36
Ўзбекистоннинг бой маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Токиодаги фестивалда намойиш этилди

ТОКИО, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Токио шаҳридаги "Шиба" боғида бўлиб ўтган "Минато" фестивалида Ўзбекистон миллий стенд билан тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон миллий стендида халқимизнинг маданий мероси, урф-одатлари ва қадриятларини акс эттирган ҳунармандчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари, миллий зардўзлик намуналари ҳамда туристик қўлланмалар намойиш этилди.

Фестиваль доирасида ташкил этилган концерт дастурида ўзбек миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Японияда ташкил этилган "Гулистон" рақс ансамбли жамоасининг чиқшлари барчага катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон стенди билан танишган меҳмонларнинг кўпчилиги илгари юртимизга бўлганини билдириб, мамлакатимиз тарихи, меъморий обидалари, табиати ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги уларда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлади. Жорий йил Осака шаҳрида бўлиб ўтаётган "EXPO-2025" Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон "Билимлар боғи" номли павильон билан иштирок этаётгани японияликлар орасида мамлакатимизга бўлган қизиқишни янада оширгани айтиб ўтилди.

Фестиваль иштирокчилари, шунингдек, келгусида Ўзбекистонга саёҳат қилиш истакларини билдиришди.

"Минато" фестивали ҳар йили ташкил этилади ва Япония пойтахтидаги энг йирик маданий тадбирлардан бири ҳисобланади. 2023 йилда ўтказилган фестивалга 188 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Бу йилги тадбирда 16 та мамлакат элчихоналари ўз миллий стендлари билан қатнашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш