“Деловой Петербург”: Ёзги Тошкент сайёҳлар учун янги имкониятлар очмоқда
Июль 07, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 181
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Абдураҳмон Маҳмудов “Деловой Петербург” нашрига берган интервьюсида Тошкентнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Интервьюда таъкидланишича, Тошкент бой тарихий-маданий мерос ва замонавий шаҳар инфратузилмасини ўзида уйғунлаштирган бўлиб, сайёҳларга диққатга сазовор масканлар, гастрономик йўналишлар ҳамда мазмунли дам олиш учун кенг имкониятларни тақдим этади. Шунингдек, қуруқ иқлим туфайли ёзги юқори ҳарорат нисбатан енгил ўтиши пойтахтнинг муҳим устунликларидан бири сифатида қайд этилган.
Нашр Тошкентга ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Амир Темур хиёбони, Темурийлар тарихи давлат музейи каби тарихий ва маданий обидалар билан бир қаторда замонавий шаҳар меъморчилиги намуналари билан ҳам танишишни тавсия этади.
Мақолада гастрономик туризм масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Чорсу бозори пойтахтнинг энг ўзига хос манзилларидан бири бўлиб, у ерда машҳур ўзбек палови, миллий таомлар ҳамда мавсумий мевалардан баҳраманд бўлиш мумкин.
Материалда таъкидланишича, ёз фаслида қуёш ботгач, Тошкент бутунлай янги қиёфа касб этади. Кечаю кундуз фаолият юритувчи кўчалар, гастрономик масканлар, мусиқали фавворалар, очиқ айвонли ресторанлар, боғлар ва маданий тадбирлар пойтахтнинг ўзига хос муҳитини шакллантиради.
Тошкентдан унча узоқ бўлмаган Чимён, Чорвоқ, Билдирсой ва Амирсой тоғ-дам олиш масканлари экотуризм учун энг оммабоп йўналишлардан бири экани қайд этилган.
Абдураҳмон Маҳмудов қайд этишича, Тошкентга биринчи сафар ҳаётда фақат бир марта бўлади. Шунинг учун ҳар ким шаҳар билан танишувни ўзича бошлайди. Тошкентга ташриф буюринг, унинг кўчаларида сайр қилинг, миллий таомлардан баҳраманд бўлинг, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилинг ва пойтахтда албатта кўриш лозим бўлган масканлар рўйхатини ўзингиз шакллантиринг.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси