Омонхона қишлоғи БМТ Туризм ташкилотининг "Ривожлантириш дастури"га киритилди
Ноябрь 18, 2025. 19:50 • 2 дақ
• 211
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. БМТ Туризм ташкилоти томонидан навбатдаги "Энг яхши туризм қишлоқлари" лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди ва улар орасида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғи ҳам бор, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бу халқаро эътироф, Ўзбекистон қишлоқ туризмини барқарор ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
БМТ Туризм ташкилотининг ушбу глобал ташаббуси туризм қишлоқларига эътиборни кучайтириш, кичик қишлоқларнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва табиат гўзалликларини асраб-авайлаш мақсадида амалга оширилади.
Бу йилги танловда Африка, Америка, Осиё ва Европадаги 65 та мамлакатдан 270 дан ортиқ номзод қишлоқлар қатнашди.
Мамлакатимиздан Туризм қўмитаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган Омонхона қишлоғи номзодини тақдим этди. Натижада Омонхона қишлоғи танлов ғолибларидан бири деб топилиб, лойиҳанинг "Ривожлантириш дастури" га киритилди.
Омонхона қишлоғи ўзининг табиий манзаралари, шифобахш булоқлари, тарихий ёдгорликлари, номоддий маданий мероси ҳамда меҳмондўст аҳолиси билан машҳур. Энди Омонхона қишлоғи мазкур халқаро дастур доирасида инфратузилма, маркетинг ва хизмат сифати бўйича халқаро тажриба асосида ривожлантирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси