Logo

Ўзбекистон – гўзал, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат

Июль 11, 2025. 09:17 • 58 сония

81
Ўзбекистон – гўзал, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат

ВАРШАВА, 11 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида 25-31 май кунлари польшалик бир гуруҳ блогерлар учун Ўзбекистон бўйлаб медиа-тури ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Зуза Лисовска, Эинар Кравcзик, Мадинабону Аллаберганова, Куcик Прземислав, Коларcзик Гина ва Амелиа Залевска каби блогерлар Тошкент, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари бўлиб, мамлакатимиз ҳудудларининг тарихи, миллий урф-одатлари, таомлари ва меҳмондўст халқи ҳақида туркум материаллар ҳамда видеоконтентлар тайёрлади.

 Уларда Чорсу бозори, Тошкент Сити, Кўкалдош мадрасаси, Ҳазрати Имом мажмуаси, Минор масжиди, Тошкент телеминораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва пойтахтимиздаги машҳур ресторанлар ҳақида ҳикоя қилинади. Польшалик блогерлар палов, манти, сомсани татиб кўриб, ўзбек таомларининг бетакрор таъмини ҳис қилганларини таъкидлаган.

"Наманганда "Гуллар байрами", Бобур боғи, концертлар, Чодакдаги тоғлар ва осма йўлак ҳақиқий табиатга саёҳат бўлди. Марғилондаги ипак тўқиш маркази, Риштондаги кулолчилик марказлари, Қўқон ўрдаси ва масжидлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, Шоҳизинда мажмуаси, Бибихоним мадрасаси, Улуғбек расадхонаси ва Сиёб бозори ҳамда "Афросиёб" тезюрар поездининг қулайлиги эса алоҳида мавзу", – дейилади материалларда.

Польшалик блогерлар тайёрлаган материалларда, шунингдек, юртимиз табиати ва об-ҳавосига эътибор қаратилган, ўзбек халқининг меҳрибон ва очиқ кўнгил эканлиги урғуланган. "Ўзбекистон – гўзал, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат", – деб ёзган блогерлар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш