Малайзияда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди
Август 26, 2025. 14:21 • 2 дақ
• 69
КУАЛА-ЛУМПУР, 26 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Малайзиядаги "WITEX" Бутунжаҳон зиёрат туризми ва савдо кўргазмаси доирасида ўтказилган туризм вазирлари и етакчилари иштирокидаги анжуманда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Анжуманда 15 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг туризм бўйича делегациялари қатнашди. Унда ҳар бир мамлакат зиёрат туризмни ривожлантириш ва мусулмон сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ушбу соҳада тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди. Иштирокчиларга республика иқтисодиётида туризмни стратегик даражага кўтариш, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш, туризм хизматларини диверсификация қилиш, сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш ҳамда республика зиёрат туризми салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Охирги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 93 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Республикада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қатори эътиқод эркинлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани урғуланди. Бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" ва "Batik Air Malaysia" авиакомпанияларининг тўғридан-тўғри авиақатновлари икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқими кўпайишига, ишбилармон доира вакилларининг ҳамкорлик алоқалари ривожланишига, маҳсулотлари экспорти ошишига ўз ҳиссасини қўшаётгани таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди