Logo

Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди

Январ 28, 2026. 12:25 • 1 дақ

94
Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди
Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди
Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди

НЬЮ-ЙОРК, 28 январь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги машҳур Javits Center кўргазмалар мажмуасида халқаро “Travel Adventure Show” туристик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи туристик компаниялар ва соҳа мутахассислари қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини акс эттирувчи миллий кўргазма стенди ташкил этилди.

Кўргазма давомида ўтказилган тақдимотларда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, ноёб тарихий обидалари ва замонавий туристик инфратузилмасига алоҳида урғу берилди. Хорижий иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларга мамлакатимизда жадал ривожланаётган маданий, гастрономик, экологик ва зиёрат туризми йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, миллий маданиятимизнинг ўзига хос жиҳатлари ва ўзбек меҳмондўстлиги анъаналари америкалик сайёҳлик агентлари ҳамда потенциал сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур халқаро кўргазмада Ўзбекистон брендининг намойиш этилиши мамлакатимизнинг Шимолий Америка туризм бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбир доирасида хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилиб, миллий туристик маҳсулотларни халқаро миқёсда илгари суриш бўйича келишувларга эришилди. Бу каби йирик лойиҳалар АҚШ ва бошқа давлатлардан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва юртимизнинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш