Logo

Покистонда Ўзбекистон туризм бренди элчиси тайинланди

Октябрь 25, 2025. 14:12 • 2 дақ

76
Покистонда Ўзбекистон туризм бренди элчиси тайинланди

ИСЛОМОБОД, 25 октябрь. "Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчисига сертификатни топширишга бағишланган "Маданиятларни бирлаштириш: Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти" мавзусида тантанали маросим ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ижрочи директори Афтаб ур Реҳман Рана, етакчи туркомпаниялар ва операторлар, эксперт-таҳлил ва академик доиралари вакиллари, ОАВ ходимлари ва ватандошлар иштирок этди.

Маросим аввалида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Тадбир Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг нутқи билан бошланди. Элчи ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маънавий ва маданий ришталар, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, олим ва уламолар, уларнинг нафақат давлатларимиз маданий-маънавий ҳаётида, балки бутун Ислом олами тамаддунида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва Термиз шаҳарларининг илмий-маънавий мерос сифатидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Алишер Тўхтаев 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ҳақида маълумот бериб, мазкур нуфузли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг маданият, илм-фан, таълим ва коммуникация соҳаларидаги ютуқларига халқаро майдонда берилган баҳо эканини  қайд этди.

Дипломат, шунингдек, 28 октябрдан "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси "Тошкент-ИСЛОМОБОД" йўналиши бўйича авипарвозлар сонини иккитага етказаётганини, ҳозирда Лаҳор ва Исломободга мунтазам рейслар амалга оширилаётганини, йўловчилар учун халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатилаётганини таъкидлади. Авиақатновлар сонининг ошаётгани икки мамлакат ўртасидаги туризм ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши урғуланди.

Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ижрочи директори Афтаб ур Реҳман Рана ўз нутқида, мазкур тадбирни Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим воқеа сифатида баҳолади.

– Икки мамлакат ўртасида туризм йўналишидаги муносабатлар изчил ривожланмоқда, – деди у. – Соҳани янада ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратилган, айрим йўналишларда бир-биримизга намуна бўладиган жиҳатлар ҳам бор. "Uzbekistan Airways" томонидан йўлга қўйилган парвозлар икки мамлакат сайёҳларига қулайлик яратмоқда, сафар муддатини қисқартириб, зиёрат ва маданий туризм имкониятларини кенгайтиряпти.

Маросимда элчи Алишер Тўхтаев, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ижрочи директори Афтаб ур Реҳман Рана ва Покистондаги Нақшбандия силсиласи раҳнамоси Шайх Муҳаммад Нақиб ур-Раҳман Ҳамид Маҳмуд Чаудрига "Ўзбекистон туризм бренди элчиси" сертификатини тантанали равишда топширдилар.

Шайх Муҳаммад Нақиб ур-Раҳман Ҳамид Маҳмуд Чаудри ушбу мақомни катта фахр ва миннатдорлик билан қабул қилганини билдирди.

–Зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш, бизнес ва академик турлар ташкил этиш, илмий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакатнинг мутасадди туризм ташкилотлари билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишни яқин истиқболдаги фаолиятимнинг устувор йўналишлари сифатида кўряпман, – деди юртимиз туризм элчиси. – Ўзбекистон туризм бренди элчиси сифатидаги фаолиятимни сидқидилдан ва масъулият билан амалга оширишга, туризм орқали икки халқни "қалбан" яқинлаштиришга, дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи "кўприк" бўлишга бор имкониятларимни сафарбар қиламан.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш