Покистонннинг Лаҳор шаҳрида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди
Октябрь 06, 2025. 11:10 • 3 дақ
• 80
ЛАҲОР, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Покистоннинг Лаҳор шаҳрида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" шиори остида мамлакатимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятига бағишланган йирик тарғибот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Лаҳор савдо-саноат палатаси президенти Фаҳим ур-Реҳман Саигол, Покистондаги "Ўзбекистон-МДҲ савдо маркази" раиси Соҳаил Мотен, Панжоб туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбарияти, меҳмонхона ва сайёҳлик соҳасидаги йирик бизнес вакиллари ҳамда маҳаллий ОАВ қатнашди.
Маданий тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди. Дипломат асрлар давомида икки халқни боғлаб турган умумий тарих, дин ва маданий қадриятларнинг янги даврда ўзаро алоқаларни изчил давом эттиришдаги алоҳида аҳамияти таъкидлади. Буюк Ипак йўли орқали шаклланган ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар бугунги кунда туризм ва маданий алмашинувлар орқали қайта тикланаётгани қайд этилди.
Элчи, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Қўқон каби ЮНЕСКО меросига киритилган шаҳарларнинг Ўзбекистон бой сайёҳлик салоҳиятида тутган ўрни ҳақида ҳам маълумот берди. Ушбу шаҳарлар нафақат ислом цивилизациясининг йирик марказлари, балки покистонлик зиёратчилар ва саёҳат ихлосмандлари учун ҳам жозибадор йўналишлар экани эътироф этилди.
Юртимизда жойлашган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ алломаларнинг мақбаралари зиёрат туризмида алоҳида аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Ҳозирги вақтда "Uzbekistan Airways" томонидан "Тошкент-Лаҳор" ва "Тошкент-Исломобод" йўналишида мунтазам авиақатновлар амалга оширилаётгани, икки томонлама боғлиқлик муносабатларини янада чуқурлаштириш мақсадида 28 октябрдан бошлаб Исломобод йўналишида парвозлар сони яна биттага кўпайтирилаётгани таъкидланди.
"Бу нафақат қулай транспорт йўналиши, балки икки давлат ўртасидаги дўстлик, савдо ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамловчи кўприк ҳисобланади", деди Ўзбекистон элчиси.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, зиёрат, экологик, тиббий, экстремал ва ишбилармонлик туризмини ривожлантириш борасидаги ишлар алоҳида қайд этилди.
30 октябр – 13 ноябрь кунлари ЮНЕСКО Бош конференцияси илк бор Париждан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши маълум қилинди. Мазкур йирик тадбирнинг Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат бериши қайд этилди.
Лаҳор Савдо-саноат палатаси президенти Фаҳим ур-Реҳман Саигол Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси ва зиёрат туризми соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон тажрибаси Покистон учун намуна бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. У Панжоб ишбилармон доиралари ва туризм компанияларини мамлакатимиз билан яқиндан ҳамкорликни кенгайтиришга, биргаликда янги сайёҳлик дастурларини амалга оширишда фаол бўлишга чақирди.
"Ўзбекистон қисқа муддат ичида виза тартибини соддалаштирди, парвозлар географиясини кенгайтирди ва инфратузилмага катта инвестициялар киритди. Шунинг учун бугун Ўзбекистон минтақа туризм бозорида етакчи ўринни эгаллаб бормоқда", – деди Фаҳим Саигол.
"Ўзбекистон-МДҲ савдо маркази" раиси Соҳаил Мотен эса икки мамлакатни боғлаб турган умумий цивилизацион мерос ҳақида тўхталиб, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ҳамда Лаҳор, Мўлтон ва Пешовар каби шаҳарларда қўшма кўргазма ва форумлар ўтказиш таклифини илгари сурди.
Тадбирда "Central Asia Tour-2025" мотораллиси доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Моторалли иштирокчилари Ўзбекистонга миннатдорлик рамзи сифатида мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонасига фотосуратлар тўпламини тақдим этди.
Мазкур тадбир Лаҳор шаҳри ва Панжоб вилояти жамоатчилиги, сайёҳлик ва бизнес доираларида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг хорижий сайёҳлар учун очиқ ва хавфсиз йўналиш сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди