Япониянинг оммабоп телешоу дастури ижодкорлари Ўзбекистон ҳақида туркум кўрсатувлар суратга олмоқда
Октябрь 12, 2024. 11:28 • 2 дақ
• 326
ТОКИО, 12 октябрь. /"Дунё" АА/. Япониянинг оммабоп "The World Heritage" телешоу дастури ижодкорлари мамлакатимизнинг бой туристик салоҳияти ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаш учун ижодий сафар билан Ўзбекистонда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ижодий гуруҳнинг Ўзбекистонга сафари мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
"The World Heritage" телелойиҳаси 1996 йилдан бери Япониянинг "TBS" телерадиокомпанияси томонидан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан ҳамкорликда тайёрланиб, эфирга узатилиб келинади. Мазкур телелойиҳа дунё бўйлаб ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни нафақат Япония бўйлаб балки глобал аудиторияга таништириш мақсадида намойиш қилинади.
Дастур муаллифлари ҳозиргача 134 та мамлакатда жойлашган 690 та маданий ёдгорликлар ҳақида 1000 дан ортиқ фильм тайёрланиб эфирга узатган.
"The World Heritage" телелойиҳасининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланади. Ҳозирда ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, мамлакатимизнинг бетакрор меъморий обидалари, бой туристик салоҳияти ва гўзал табиати ҳақида "HD", "3D", "4K" форматларида видеоматериаллар тўпламоқда. Ушбу телешоу 2025 йил Самарқанд шаҳарида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси пайтида эфирга узатилиши режалаштирилган. Шунингдек, жаҳон халқлари Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлар ҳақида танишиши ва келгусида келажак авлодга мерос бўлиб қолиши учун махсус рақамли "Видео мерос" кутубхонаси яратилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси кўмагида 2023 йил 27 сентябрь - 1 октябрь кунлари "TBS" телерадиокомпаниясининг "Crazy Journey" теледастури ижодкорларининг Ўзбекистонга ижодий сафари муваффақиятли ташкил этилган эди. Натижада, Тошкент, Самарқанд ва Хива шаҳарлари ҳақида олинган фильм "TBS" телерадиокомпаниясида жорий апрель ойида икки ҳафта мобайнида эфирга узатилди. Мазкур фильм япон жамоатчилиги орасида катта қизиқишга сабаб бўлган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди