Тошкентда бўлиб ўтадиган иккинчи Ўзбекистон-Беларусь туристик форуми ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаради
Ноябрь 15, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 154МИНСК, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг етакчи ахборот агентликлари ва соҳавий нашрлари жорий йил 26 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон-Беларусь туристик форуми ҳамда 25–27 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Ипак йўлида туризм” халқаро туристик ярмаркасида Беларусь делегациясининг иштирок этишини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“БЕЛТА” ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, республиканинг расмий ва ишбилармон делегацияси таркибига меҳмондўстлик индустриясининг 25 га яқин ташкилоти вакиллари киради. Улар орасида республика ва минтақавий бошқарув органлари, тармоқ жамоат бирлашмалари, санаторий-курорт муассасалари, меҳмонхона бизнеси ва етакчи туроператорларнинг раҳбарлари бор.
Қайд этилишича, Тошкентдаги кўргазмада Беларусь Миллий стенди ташкил этилиб, у мамлакатнинг туристик салоҳиятини намойиш этиш, B2B форматдаги музокаралар ўтказиш ва тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатиш учун марказий майдонча бўлиб хизмат қилади.
“СБ. Беларусь сегодня” нашри туристик соҳадаги икки томонлама мулоқот ҳам идоралараро даражада, ҳам бизнес-ҳамжамият линияси бўйича жадал ривожланиб бораётганини қайд этган. Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Минскка расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Беларусь Миллий туристик агентлиги ўртасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзолангани алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлгани эслатиб ўтилган.
“РСТО” (toursoyuz.by) соҳавий портали икки томонлама ҳужжатларда мустаҳкамланган асосий ва энг талаб юқори бўлган ҳамкорлик йўналишларини ажратиб кўрсатган. Беларусь экспертлари ўзаро сайёҳлар оқимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида маданий-маърифий туризм, оилавий дам олиш, тиббий туризм ва санаторий-курортда соғломлаштириш йўналишларини келтириб ўтган.
Беларусь ОАВ вакиллари ноябрь ойи охирида Ўзбекистон пойтахтида ўтказиладиган тадбирлар ўзаро туристик алмашинувни янада кенгайтиришга кучли амалий туртки беришини қайд этганлар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


