Ўзбекистон туризм имкониятлари Санкт-Петербургда кенг тарғиб этилди
Ноябрь 16, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 87САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида “Глобал туристик бозор трансформацияси: чиқиш, ички ва кириш туризмини ривожлантириш интеграцияси” мавзусида IV халқаро туроператорлар конгресси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир “Турпомощь” ассоциацияси ва Туризм соҳаси профессионаллари миллий иттифоқи томонидан ташкил этилди. Конгрессда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Абхазия, Жанубий Осетия ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари ва туристик компаниялар иштирок этди. Ўзбекистон томонидан тадбирда мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси вакиллари қатнашди.
Конгресс доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш қилиниб, мамлакат ҳақидаги видеоролик тақдим этилди. Хорижий иштирокчиларга хавфсиз, зиёрат, экскурсия, ишбилармонлик, тиббиёт, гастрономик ва воқеа туризми йўналишларидаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувлар давомида туризм соҳаси вакиллари ўртасида алоқалар ўрнатилиб, ҳамкорликни кенгайтириш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ва мавжуд турпакетларни бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган 31-Тошкент халқаро туристик ярмаркасига алоҳида эътибор қаратилди. Конгресс иштирокчилари мазкур нуфузли тадбирда фаол қатнашишга таклиф этилди.
Конгресс якунида тегишли резолюция қабул қилиниб, иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


