Logo

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиради

Май 15, 2024. 19:54 • 50 сония

246
Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиради

АР-РИЁЗ, 16 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Саудия Арабистонининг "Saudi International Travel Company" компанияси кенгаши аъзоси, ривожланиш масалалари бўйича менежер Абдулазиз Сулаймон билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш ҳамда мамлакатимизга саудиялик сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.


 Дипломатик миссия раҳбари Саудия томонини Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти, ушбу соҳада ишлаб чиқилган истиқболли инвестициявий лойиҳалар ва янги сайёҳлик йўналишлари билан таништирди.


Абдулазиз Сулаймон ўз навбатида, икки қардош мамлакат ўртасида ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини юқори баҳолади. "Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, туризм йўналишида ҳаётга тадбиқ этилаётган  янги дастурлар бизга катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу сабабли биз ўзбекистонлик шериклар билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан манфаатдормиз", деди у.


Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Саудия Арабистони сайёҳлик компаниялари вакиллари билан алоҳида учрашув ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш