Logo

Ўзбекистон туризм салоҳияти Туркманистонда тақдим этилди

Октябрь 24, 2025. 17:28 • 2 дақ

56
Ўзбекистон туризм салоҳияти Туркманистонда тақдим этилди

АШХОБОД, 28 октябрь. /"Дунё" АА/. Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Туркманистон давлат ташкилотлари, сайёҳлик агентликлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон туризм салоҳияти, ноёб тарихий ва маданий мероси тўғрисида тақдимотлар ўтказилди. Буюк ипак йўлидаги цивилизация марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Термиз ва Шаҳрисабз шаҳарларининг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди. Бу шаҳарлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари экани ва ҳақли равишда очиқ осмон остидаги музейлар ҳисобланиши қайд этилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистонда экотуризм, зиёрат туризми, тиббий туризм, гастрономик туризм, MICE (бизнес) туризм, экстремал ва саргузашт туризми каби сайёҳликнинг янги турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 8,6 миллион хорижий сайёҳни қабул қилгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,5 фоизга кўплиги қайд этилди. Жорий йил апрель ойидан буён мамлакатга ҳар ой 1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюргани алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, иштирокчиларга 2025 йил 30 октябрь – 13 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессияси тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирда иштирок этган туркман сайёҳлик компанияларига жорий йил 27-29 ноябрь кунлари "Сеntral Asian Expo" кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро туризм ярмаркасида фаол қатнашишга таклиф этилди.

 Туркманистон томони сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, сайёҳлик инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани натижасида республикага келаётган хорижий сайёҳлар сони тобора ортаётганини баён қилдилар.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш