Logo

Ўзбекистон Лондондаги нуфузли "WTM 2025" Бутунжаҳон туризм ярмаркасида иштирок этмоқда

Ноябрь 06, 2025. 08:42 • 2 дақ

342
Ўзбекистон Лондондаги нуфузли "WTM 2025" Бутунжаҳон туризм ярмаркасида иштирок этмоқда

ЛОНДОН, 5 ноябрь. /"Дунё" АА/. 4-6 ноябрь кунлари Буюк Британия пойтахтида дунёдаги энг нуфузли туристик тадбирлардан бири – Бутунжаҳон туризм ярмаркаси ("World Travel Market - WTM 2025") бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро, Самарқанд, Хива каби тарихий шаҳарлари, табиат ва экология йўналишлари, ҳунармандчилик мактаблари, гастротуризм имкониятлари ҳамда замонавий меҳмонхона инфратузилмаси миллий стенд орқали халқаро жамоатчиликка намойиш қилинмоқда.

Ярмаркада Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, "Uzbekistan Airways" ва юртимизда фаолият юритаётган етакчи туроператорлар иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг туризм қўмитаси ва вилоят ҳокимияти вакиллари, тадбиркорлар ва халқаро компаниялар ўртасида B2B ва B2C форматида музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу учрашувлар қўшма маркетинг дастурларини ишлаб чиқиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларга сармоядорларни жалб этиш ҳамда Ўзбекистон брендларини халқаро бозорда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Буюк Британиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 20 минг нафарга етди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кўтарилган (16 154 нафар).

Ўзбекистоннинг "World Travel Market"да мунтазам иштирок этиши мамлакатнинг жаҳон туризм бозоридаги нуфузини ошириш, янги ҳамкорлик платформаларини яратиш, инвестицияларни жалб этиш ва халқаро сайёҳлар оқимини оширишни мақсад қилган. Тадбир мамлакатимиз брендларини глобал туризм майдонида янада кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг "World Travel Market"да мунтазам иштирок этиши мамлакатнинг жаҳон туризм бозоридаги нуфузини оширишга қаратилганлиги ва мамлакатимиз брендларини жаҳон майдонида янада илгари суришда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур кўргазма 1980 йилдан бери ҳар йили Лондонда ўтказиб келинади. Ҳар йили WTMда 180 дан ортиқ мамлакатлар, 5 мингга яқин сайёҳлик компаниялари ва туроператорларнинг стендлари туризм соҳасидаги 50 мингдан ортиқ мутахассислар томонидан намойиш этилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш