Германиялик журналистлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан танишди
Июнь 11, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 35БЕРЛИН, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан туризм соҳасига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ўзбекистонни кашф этинг – Буюк Ипак йўли дурдонаси” мавзусида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Германиянинг етакчи сайёҳлик журналистлари, туроператорлар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Меҳмонларга юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси, замонавий сайёҳлик имкониятлари, янги йўналишлар ҳамда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Анжуманда юртимиз элчиси Дилшод Аҳатов қадимий Буюк Ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон дунё сайёҳлари учун тобора жозибадор масканга айланиб бораётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Мамлакатда туризм инфратузилмаси фаол модернизация қилинмоқда, халқаро авиақатновлар тармоғи кенгайтирилмоқда, меҳмонхона сектори ва хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда.
Тадбир доирасида юртимизнинг сайёҳлик имкониятларига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Сўнгра “Ўзбекистон туризми ўзгаришлар даврида: катта ислоҳотлар – улкан мақсадлар” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистон барқарор ривожланаётган ва дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири сифатида халқаро майдонда эътироф этилаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, хорижлик сайёҳлар учун янги ва муҳим масканлар сифатида яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда тубдан янгиланган Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда Ўзбекистонга бағишланган немис тилидаги янги нашрлар ва илмий-оммабоп тадқиқотлар ҳам намойиш этилди. Хусусан, “Trescher Verlag” нашриёти вакили Хольгер Кречмар муаллифлар Ирина ва Бодо Тёнсларнинг “Ўзбекистон: Буюк Ипак йўли бўйлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива орқали” номли китобини тақдим этди. Мазкур сайёҳлик йўлкўрсаткичи 2026 йилда ўзининг 16-нашрида чоп этилган бўлиб, немис тилида сўзлашувчи мамлакатлар китоб бозорида ҳақиқий бестселлерга айлангани таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фахрий профессори, меъморчиликка оид кўплаб тасвирий нашрлар муаллифи Филипп Мойзер “Тошкент бўйлаб саёҳат: кўп қаватли бинолар фасадларидаги санъат” мавзусида маъруза қилди. У пойтахтимизнинг меъморий қиёфаси, шаҳарсозлик анъаналари ва шаҳар муҳитида сақланиб қолган совет модернизмининг бадиий элементлари ҳақида сўзлади.
Санъатшунос ва ёзувчи Ирис Берндт Ўзбекистон табиатига бағишланган “Ўт-ўланлар мадҳи” китоби асосида мамлакатимиздаги экологик туризм имкониятлари ҳақида тўхталиб, ўз саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашди.
Учрашув якунида савол-жавоб сессияси ташкил этилди. Германиялик журналистлар ва туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистон бўйлаб сайёҳлик маршрутлари, авиақатновлар, маданий, зиёрат ва экотуризм йўналишлари, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини янада кенгайтириш истиқболларига катта қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









