Logo

Франциянинг Довиль шаҳрида "Ипак йўлидаги мода" китоби тақдим этилди ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди

Июль 12, 2025. 08:21 • 3 дақ

84
Франциянинг Довиль шаҳрида "Ипак йўлидаги мода" китоби тақдим этилди ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди

ПАРИЖ, 12 июль. /"Дунё" АА/. Франциянинг Довиль шаҳрида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси, Марказий Осиё дизайнерлари иттифоқи "MODI" ҳамда Франциядаги Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Европа таълим институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.

Тақдимотда Довиль шаҳри хокими, туризм ва маданият соҳаси вакиллари, француз дизайнерлари, журналистлар ва ватандошлар иштирок этди.

Тадбир  аввалида "Ипак йўлидаги мода" номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Китобда Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати, миллий тўқимачилик анъаналари, замонавий дизайнерлик мактаблари ва уларнинг тарихий Ипак йўли цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақидаги муҳим маълумотлар ўрин олган.

Анжуман давомида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Марокаш ва бошқа хорижий мамлакатлар дизайнерлари томонидан тикилган либослар намойиши бўлиб ўтди. Унда "Salma Couture", "Dfrauz", "NISA" ва "Dilfuza Design" каби ўзбек брендлари асосчилари ва дизайнерлари томонидан яратилган миллий либослар тақдим этилди. Замонавий ва миллий услубда яратилган ўзбек миллий либослари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган махсус тақдимот ташкил этилди. Меҳмонлар Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз, юртимиз табиати, экотуризм, гастротуризм каби йўналишлар, инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишлар,бунёд этилаётган янги меҳмонхоналар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Ўзбекистон ҳунармандлари томонидан яратилган бадиий керамика, зардўзлик ва кулолчилик маҳсулотларидан иборат кўргазма француз жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ўзбекистон элчиси Нодир Ганиев ўз нутқида Ипак йўли фақатгина савдо йўли бўлмай, балки маданият ва санъат алмашинуви йўли бўлганини алоҳида таъкидлади. Тадбирнинг айнан анашу руҳда ўтгани, Ўзбекистоннинг жозибадорлиги, тарихий ва маданий мероси ҳамда меҳмондўстлиги Францияда муносиб ўрин эгаллаётганини яна бир карра тасдиқлади.

Филипп Ожье, Довиль шаҳри ҳокими:

– Мен ушбу маданий тадбирнинг ўтказилиш жойи сифатида айнан Франциянинг Довиль шаҳри танланганидан жуда мамнунман. Хусусан, Ўзбекистон дизайнерлари томонидан яратилган бежирим либослар тақдимоти мени лол қолдирди. Мазкур миллий либослар ўзбек халқининг бой маданий ва бадиий меросини намоён этди.

Довиль – маданий алмашинув ва жаҳон мода пойтахти сифатида танилган шаҳардир. У ўз тарихида Коко Шанель, Ив Сен-Лоран каби мода афсоналарини қабул қилган ва бугун ҳам мода орқали маданий мулоқот учун самарали майдон бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон элчиси билан учрашиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашиш имконияти бўлди.

Мен Довиль шаҳрида ана шундай муҳим ва мазмунли тадбир ўтказилганидан чин дилдан хурсандман ва ташкилотчиларга, шунингдек, барча қатнашчиларга самимий миннатдорлик билдираман.

Жан Пьер Бодуан, Сорбонна университети профессори, мода ва дизайн соҳаси бўйича эксперт:

– Довиль шаҳрида ўтказилган ўзбек маданияти тақдимотида иштирок этганимдан хурсандман. Мен Сорбонна университети ва унинг Абу-Дабидаги филиалида ишлайман. Университетимиз шиори – бу маданиятлар ўртасида кўприк барпо этишдир.

Бугунги тадбир айнан маданиятнинг жамият, ижод ва, албатта, мода учун асосий негиз эканига ёрқин мисол бўлди. Бугун Ўзбекистон каби бой ва кенг ҳудудда шаклланган маданиятини янгидан кашф этдим. Унинг аниқ қиёфаси, услуби ва теран моҳияти менда катта таассурот қолдирди.

Умид қиламанки, менда келгусида ҳам Париж, Довиль ёки Франциянинг бошқа шаҳарларида шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш имконияти бўлади.

Ушбу тақдимотни ташкил этган барчага яна бир бор самимий миннатдорлигимни билдираман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш