Ўзбекистон–Индонезия ўртасида умра ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Январ 28, 2026. 18:44 • 2 дақ
• 93ЖАКАРТА, 28 январь. /“Дунё” АА/. Жакартада Ўзбекистон–Индонезия зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур халқаро тадбирда Индонезия Ҳаж ва Умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф, “Asphurindo”, “Kesthuri”, “Bersathu”, “KBB Haji”, “Amphuri”, “Asita”, “Ampuh”, “Amuhi” каби етакчи туристик ассоциациялари раҳбарлари, туроператорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида умра ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маънавий-маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилди.
Ўзбекистон Умра хусусий туристик компаниялари уюшмаси ҳамда Индонезиянинг тегишли туристик ассоциациялари ўртасида зиёрат туризми соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандумлар имзоланди.
Ушбу келишувлар “Умра плюс Ўзбекистон” йўналишида қўшма туристик маҳсулотлар ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш ва тўғридан-тўғри бизнес алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Умра хусусий туристик компаниялари уюшмаси раиси Шерзод Сами икки мамлакат ўртасида зиёрат туризми соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, “Умра плюс Ўзбекистон” форматидаги қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш, хизматлар сифатини уйғунлаштириш ҳамда тўғридан-тўғри B2B алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Уюшма раиси Ўзбекистонда зиёратчилар учун яратилган замонавий инфратузилма, меҳмонхона тармоқлари ва логистика имкониятлари индонезиялик сайёҳларни жалб этишда муҳим омил эканини таъкидлаб, узоқ муддатли шерикликка тайёр эканини айтди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус тақдимот намойиш этилди. Унда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тарихий-меъморий мерос объектлари, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби йирик зиёрат марказларининг имкониятлари, замонавий меҳмонхона мажмуалари, транспорт логистикаси, авиақатновлар тармоғи ҳамда хорижий зиёратчилар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ёритилди.
Шунингдек, Ҳаж ва Умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф, “Asphurindo” раиси Муҳаммад Иқбол Муҳажжир, “KBB Haji” раиси Асрул Азис Таба, “Asita” раиси Нунунг Русмиати Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида умра ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




