Покистонда Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ва янги йўналишлари намойиш этилди

Сентябрь 08, 2026. 09:00 • 2 дақ

239
Покистонда Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ва янги йўналишлари намойиш этилди
Покистонда Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ва янги йўналишлари намойиш этилди
Покистонда Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ва янги йўналишлари намойиш этилди

ИСЛОМОБОД, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан ушбу давлатда Ўзбекистон туризм кунлари тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташкил этилган тадбирлар доирасида Исломободда “Ўзбекистон: тарих ва келажак учрашган замин” мавзусида туристик роуд-шоу ҳамда “Ўзбекистон туризм мукофоти – 2026” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардар Ясир Иляс Хан, Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб ур-Реҳман Рана, туристик ва авиакомпаниялар, меҳмонхона бошқаруви ва сайёҳлик соҳасида фаолият юритувчи ишбилармонлар ҳамда етакчи ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев муштарак маданий ва тарихий мерос, умумий қадриятлар ва кўп асрлик цивилизациявий ришталар билан боғланган биродар халқлар ўртасидаги дўстона алоқалар сўнгги йилларда стратегик шериклик даражасига чиққанини қайд этди.

Учрашувларда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қўқон каби қадимий шаҳарлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ҳамда Арда Хива мажмуалари, зиёрат, тиббиёт, гастрономик, таълим, қишки ва экологик туризм йўналишларидаги замонавий инфратузилма ҳақида сўз юритилди.

Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Сардар Ясир Иляс Хан Тошкентдан Исломобод, Лаҳор ва Карачи шаҳарларига тўғридан-тўғри ва мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилгани Ўзбекистоннинг соҳага нисбатан тизимли ва амалий ёндашувининг ифодаси эканини таъкидлаб, бу борада мамлакатимиз тажрибасини ўрганишдан манфаатдорлигини билдирди.

Тадбир якунида меҳмонлар учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ашула ва рақс ансамбли томонидан ўзбек куй-қўшиқлари ва рақсларидан иборат концерт дастури намойиш этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш