Манама шаҳрида "Ўзбекистон –Баҳрайн" халқаро туризм форуми бўлиб ўтди
Июль 13, 2025. 01:36 • 2 дақ
• 93
МАНАМА, 13 июль. /"Дунё" АА/.Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Манама шаҳрига ташрифи доирасида "Ўзбекистон – Баҳрайн" халқаро туризм форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини араб мамлакатларида тарғиб қилиш ва туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали майдон вазифасини ўтади.
Форумда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, сайёҳлик компаниялари, авиаташувчилар, савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, элчи Нодиржон Турғунов, шунингдек, Баҳрайн Туризм вазири Фатима Жаафар Ал‑Сайрафи ўз нутқларида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма сайёҳлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳимлигини таъкидладилар.
Форум доирасида "Ўзбекистон - Ипак йўли дурдонаси" тақдимоти ўтказилди. Унда тарихий-маданий мерос, сайёҳлик йўналишлари, шунингдек, зиёрат, тиббиёт, гастрономия ва экологик туризм соҳаларидаги янги имкониятлар кенг кўламда намойиш этилди.
Ўзбекистондаги ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари ва инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Форум майдонида икки мамлакат туроператори ва агентликлари иштирокида В2В шаклидаги учрашувлар ўтказилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Баҳрайн Туризм Вазири Фатима Аль-Сайрафий билан алоҳида учрашув ўтказдилар.
Учрашув давомида томонлар сайёҳлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Сайёҳлар алмашинувини ошириш, виза тартибларини соддалаштириш, Манама ва Тошкент ўртасида ҳаво қатновини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакатнинг сайёҳлик брендларини тарғиб қилишга қаратилган қўшма тадбирларни уюштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Баҳрайн томони Ўзбекистондаги машҳур ислом алломалари ва арбоблари билан боғлиқ муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий обидаларга юқори даражада қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан, зиёрат туризмини ривожлантиришга ва "Табаррук зиёрат" платформасини Баҳрайн сайёҳлари ва туроператорлари орасида тарғиб этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Ўзбекистон делегациясининг Манамага расмий ташрифи ва туризм форуми Яқин Шарқ мамлакатларидаги етакчи ОАВ диққат марказида бўлди. Хусусан, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Кувайт, Миср, Таиланд ва БААнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ушбу муҳим тадбирга бағишланган туркум мақолалар ва теледастурларни эълон қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди