Новосибирскдаги Ўзбекистон фуқароларига консуллик ёрдами кўрсатилди

Сентябрь 15, 2026. 10:00 • 2 дақ

95
Новосибирскдаги Ўзбекистон фуқароларига консуллик ёрдами кўрсатилди
Новосибирскдаги Ўзбекистон фуқароларига консуллик ёрдами кўрсатилди

НОВОСИБИРСК, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси Новосибирскдаги корхоналарда ишлаётган ватандошлар билан сайёр учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатлар нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Сибпекар”, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланувчи “Хилокс товар базаси” ҳамда металл қуйишга ихтисослашган “SIBELEKTROTERM” корхоналарида меҳнат қилаётган ҳамюртлар билан учрашди.

Юртдошларга колл-марказлар маълумотлари ва дипломатик ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилган материаллар тарқатилиб, консуллик-ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот жараёнида иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамюртларимизга тўловлар асоссиз кечиктирилган тақдирда, масалани тезкорлик билан ҳал қилиш учун Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилди.

Учрашувлар давомида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва ватанига қайтишга муҳтож бўлган олти нафар Ўзбекистон фуқаросига, жумладан, вояга етмаган болаларга ёрдам кўрсатилди. Уларга зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, юртимизга қайтиш учун чипталар тақдим этилди.

Бош консулхона фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштиришда ва Новосибирск вилояти ҳудудида уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бундан буён ҳам кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш