Logo

Ҳиндистон пойтахтида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилаётган янги авиарейс тақдим этилди

Октябрь 01, 2025. 11:43 • 2 дақ

80
Ҳиндистон пойтахтида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилаётган янги авиарейс тақдим этилди

ДЕҲЛИ, 1 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилаётган янги авиарейс тақдим қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев ва "Centrum Air" авиакомпанияси бизнесни ривожлантириш менежери Одил Мирза Холмирзаев халқаро анжуман иштирокчиларига мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилган туризм тармоғининг салмоқли салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Ҳиндистонлик ҳамкорларга Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги ноёб маданий-тарихий масканлари, шунингдек, замонавий сайёҳлик йўналишлари ва дам олиш имкониятлари тақдим этилди.

Икки мамлакат пойтахтларини боғлайдиган янги мунтазам авиақатнов тақдимоти иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. "Centrum Air" авиакомпанияси томонидан жорий йил 3 октябрдан бошлаб Тошкент-Деҳли-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани эълон қилинди. Парвозлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Деҳлидаги тадбирда Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Жонли мулоқот чоғида томонлар ҳар икки йўналишда сайёҳлар оқимини ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Янги ҳаво йўли сайёҳлар учун саёҳатни янада қулайлаштирибгина қолмай, ишбилармонлик, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

– Ўзбекистон биз учун жозибали ва энг севимли йўналишлардан биридир, – деди "Beyond DMC" компанияси директор ёрдамчиси Ажай Минвал. – Мамлакат тарихий манзилларга бой, бу ерда дўстликни юксак қадрлайдиган инсонлар яшайди, бетакрор ва хуштаъм миллий таомлар эътиборингизни тортади. Қадимий ва навқирон шаҳарлар, маданий анъаналар ва оддий инсонларнинг дунёқараши Ҳиндистонга ўхшайди. Биз Ўзбекистонга саёҳат қилишни ёқтирамиз, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби сеҳрли манзиллардан унутилмас таассуротлар оламиз ва ҳайратга тушамиз.

Янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши ҳиндистонлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга нисбатан ошиб бораётган қизиқишига муносиб жавоб беради, шунингдек, ўзбекистонлик сайёҳлар ва ишбилармонлар учун Ҳиндистонга сафар қилишнинг қулай йўлини очади. Ушбу тўғридан-тўғри ҳаво қатнови икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг муҳим кўприклардан бирига айланиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш