Logo

Варшаванинг тарихий майдонида ўзбек миллий куй ва қўшиқлари янгради

Октябрь 15, 2025. 20:22 • 48 сония

28
Варшаванинг тарихий майдонида ўзбек миллий куй ва қўшиқлари янгради

ТОШКЕНТ, 15 октябрь. /"Дунё" АА/. Польшада ўтказилган "TT Warsaw 2025" халқаро туризм ярмаркаси доирасида Варшава шаҳрининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Эски шаҳри майдонида ўзбек санъаткорлар иштирокида ёрқин маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, тарихий масканга ташриф буюрган маҳаллий аҳоли ва Варшава меҳмонлари ўзбекона жўшқин рақс ва куй-қўшиқлар ижросига гувоҳ бўлдилар. Ушбу чиқишлар дарҳол томошабинлар эътиборини тортиб, байрамона кайфият яратди.

Тадбир Туризм қўмитаси ва мамлакатимизнинг Польшадаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш ҳамда унинг бой маданий меросига эътиборни жалб этиш мақсадида ўтказилди.

Рақс ва мусиқа орқали меҳмонлар Ўзбекистон руҳини ҳис этиш ва миллий анъаналар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Бу, айниқса, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ва Европа давлатларидан сайёҳларни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу ранг-баранг тақдимот Ўзбекистонни дунё сайёҳлик харитасидаги истиқболли йўналиш сифатида кенг кўламли таништириш доирасида амалга оширилди.

 

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш