Япония пойтахтидаги ресторанларда "Ўзбекистон миллий нонуштаси" лойиҳаси йўлга қўйилди
Октябрь 09, 2025. 11:52 • 2 дақ
• 78
ТОКИЁ, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан "Staple Co.,Ltd" компанияси билан ҳамкорликда Токио шаҳридаги "TASTE THE WORLD" ресторанлар тармоғида жорий йил 1 октябрдан 30 ноябргача "Ўзбекистон миллий нонуштаси" махсус тадбири ўтказмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов мазкур ресторанга ташриф буюриб, ўзбек миллий нонуштаси тарихи, мамлакатнинг турли ҳудудларида шаклланган таом анъаналари ва қадриятлари, шунингдек, халқимиз меҳмондўстлиги ва таом маданияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Меҳмонлар учун махсус тайёрланган меню "бир ликопдаги миллий нонушта" концепцияси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ўзбек халқининг севимли таомлари жамланган. Бир ликопда нон, қаймоқ ва асал, сабзавотли тухум қуймоғи, витаминларга бой сабзавот ва мевали салат, шунингдек, майиз, қуритилган ўрик ва бодом кабилар ўрин олган.
Шу билан бирга, қўшимча таомлар сифатида миллий таомларимиздан сомса, мошхўрда, пахлава, шунингдек, ўзбекона кўк чой, айрон, мевали шарбатлар ва бошқа анъанавий ичимликлар меҳмонларга таклиф этилмоқда.
Ресторан интерьери ҳам ўзбекона руҳда безатилган бўлиб, унда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимизнинг суратлари, миллий нақшлар, анъанавий кийимлар ва буюмлар намойиш этилган. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистон маданий мероси, миллий таомлари ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида тайёрланган махсус ахборот буклетлари тарқатиш мақсадида элчихона томонидан миллий сувенирлар ва маълумотномалар ресторан маъмуриятига тақдим қилинди.
Икки ой давом этадиган лойиҳа доирасида Ўзбекистон элчихонаси ва ресторанлар ҳамкорлигида ўзбек миллий таомларини тайёрлашга бағишланган мастер-класслар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
"Staple Co.,Ltd" компанияси президенти Кимура Кен "Ўзбекистон миллий нонуштаси" лойиҳаси нафақат юртимизнинг таом маданиятини, балки халқимизнинг меҳмондўстлик, самимият ва қадимий анъаналарини ҳам япон жамоатчилигига яқиндан таништиришга хизмат қилаётганлигини маълум қилди. "Жорий октябр ойидан бошлаб "TASTE THE WORLD" тармоғимизда "Ўзбекистон миллий нонуштаси" махсус лойиҳасини йўлга қўйдик. Бу Марказий Осиё минтақасига бағишланган илк лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳа меҳмонларга катта қизиқиш уйғотяпти ва тўртта ресторанимизга кунига тахминан 200 нафар меҳмон келмоқда. Шубҳасиз, бундай ташаббуслар икки мамлакат дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади", деди у.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди