ЮНВТО Самарқандда «яшил» туризм халқаро марказини ташкил этиш ва молиялаштиришни режалаштирмоқда
Ноябрь 18, 2023. 12:21 • 2 дақ
• 237
МАДРИД, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЮНВТО ўртасидаги ҳамкорликка оид қатор масалалар, жумладан, жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ташкилот Бош ассамблеясининг 25-сессияси якунлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Зураб Пололикашвили ушбу глобал тадбирни ўтказишдаги юксак ташкилий ишлар ва доимий қўллаб-қувватлов учун Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирди. У Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 25-сессиянинг очилиш маросимида билдирилган таклиф ва ташаббуслар ЮНВТОнинг кейинги фаолияти учун ўзига хос «йўл харитаси»га айланишини алоҳида таъкидлади. «Яшил» туризмни ривожлантириш таклифи жаҳон туризми ривожида янги босқич сифатида эътиборга лойиқ», деди Зураб Пололикашвили.
ЮНВТО бош котибининг айтишича, котибият ҳозирда «яшил» туризмни баҳолаш мезонларини жорий этиш методологияси лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу «яшил» туризм бўйича халқаро дастурнинг асосига айланади. Шу муносабат билан у Самарқандда очиладиган «Ипак йўлида туризм» тематик офиси негизида ЮНВТО томонидан молиялаштириладиган «яшил» туризм халқаро марказини ташкил этиш таклифини билдирди.
Зураб Пололикашвили Президент Шавкат Мирзиёев билан Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятида туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганини ҳам таъкидлади. Шу муносабат билан у вилоятнинг туризм салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоятга хорижий инвесторларни жалб этишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун элчи Жаҳонгир Ғаниевга ЮНВТО эсдалик нишони топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди