7 декабрь куни Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотига бағишланган сессия бўлиб ўтади
Декабрь 05, 2025. 12:54 • 2 дақ
• 106
ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 7 декабрь куни Доҳа форуми доирасида Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича Термиз мулоқотига бағишланган сессия бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳар йили анъанавий равишда ташкил этиладиган ушбу сессия бу гал “Минтақавий боғлиқлик орқали Афғонистонни қайта тиклаш: Термиз мулоқоти” шиори остида ўтказилади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Қатардаги Жоржтаун университети филиалининг Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
2025 йил май ойида Термиз шаҳрида бошланган Термиз мулоқоти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги махсус резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини амалий илгари суриш учун доимий платформадир.
Бугун чуқур геосиёсий ўзгаришлар шароитида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни қайта тиклаш заруратга айланмоқда. Ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва ишонч стратегик аҳамиятли бўлган макроминтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартидир.
Афғонистон бу жараёнларда алоҳида ўрин тутади. Географик жойлашуви туфайли мамлакат икки минтақа ўртасида табиий кўприк вазифасини бажаради. Прагматик ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва Афғонистоннинг минтақалараро жараёнларда иштироки Марказий ва Жанубий Осиёда узоқ муддатли барқарорлик ва тинч ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи омиллар сифатида қаралади.
Айни шу масалалар бўлажак сессия кун тартибининг марказида бўлади. Иштирокчилар Афғонистоннинг трансминтақавий алоқани таъминлашдаги ролини, шунингдек, кенгроқ минтақавий контекстда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий қадамларни муҳокама қиладилар.
Сессияни Қатардаги Жоржтаун университетининг Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази директори Заҳра Бабар олиб боради.
Муҳокамада қуйидагилар иштирок этади:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев;
– СМТИ директори Элдор Арипов;
– Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит;
– Қатар ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Файсал Абдуллаҳ Ал-Ҳанзаб;
– Қатардаги Жоржтаун университети тарих профессори Валид Зиад.
Эслатиб ўтамиз, Доҳа форуми 2002 йилдан бери Қатар ҳукумати кўмагида ўтказиб келинмоқда ва долзарб глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа ҳисобланади. 2025 йилда форум “Адолат амалда: ваъдалардан тараққиёт сари” мавзусида бўлиб ўтади.
Унда АҚШ, Буюк Британия, Россия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Япония ҳамда Кореянинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарияти ва мутахассислари, жами 150 га яқин давлатдан 8 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди
Ислом олами учун MWL электрон платформаси ишга туширилди
БМТнинг нуфузли форумида Ўзбекистон тажрибаси намойиш қилинди